Aмалий санъат байрами давом этади. Хабарингиз бор кеча “Инсон – муҳит – санъат -2019” номли II Тошкент халқаро Биеналиси старт олган эди. Бугун ҳам ушбу Биенали доирасида ўткизалаётган тадбирлар давом эттирилди. Дастурга мувофиқ бугун Икуо Хирояма халқаро маданият карвонсаройида “Батик ва бадиий эмаль” мавзусида япон амалий санъати ҳамда “Замонавий ўзбек безак санъати” кўргазмаларининг очилиши бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмаларга эстетик завқ олиш ҳамда ўзлари учун ижодий тажриба ва касбий маҳорат орттириш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ҳам ташриф буюришди.

“Батик ва бадиий эмал” мавзусида япон амалий санъати кўргазмасида япониялик таниқли амалий санъат усталари Ёшико Саито (эмаль-батик), Ниияма Наико (эмаль), Ямагиши Нанко(батик), Aраи Юрико (батик), Масиёши Ито(аппликация) ўз амалий санъат намуналарини намойиш этмоқдалар.

Шунингдек, кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Графика (дастгоҳ ва китоб графикаси)” таълим йўналиши биринчи босқич талабаси Эстер Шейнфелд ҳам ўзининг Шарқона “Глам” амалий санъат намунаси билан иштирок этмоқда.

Иккала кўргазма бир вақтда ўтказилгани шундан далолат берадики япон ва ўзбек амалий санъати ўзаро муштарак қадриятларга эга. Чунки қадимги шарқ ананалари иккала халқ амалий санъати учун бирдек аҳамият касб этади. Бундай халқаро кўргазмалар амалий санъатимизнинг тарихи ва бугунини намойиш этиш билан бирга келажагдаги ривожини ҳам белгилаб беради. Бугун томошабин бўлиб ушбу санъат асарларидан ҳайратланаётган ёш авлод келажакда ушбу санъатнинг том маънодаги эгаларига айланишади. Ўшанда бугунги тажрибалари уларга санъатнинг янги қирраларини кашф этишларига замин ҳозирлайди деган умиддамиз.