Ҳозирда ёшларимизга ўзларининг илмий-ижодий қобилиятларини намойиш этишлари, илмий–тадқиқот олиб боришлари учун катта имкониятлар яратилмоқда. “ЭГО” лойихаси нафақат ёш санъатшуносларнинг шаклланишида тажриба вазифасини бажармоқда, балки уларни илмий тадқиқотга йўналтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залида EGO – ХIХ “Ўзбекистон санъатининг долзарб муаммоларига доир” мавзусидаги ёш олимлар ва талабалар илмий экспериментал конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб берди. Нодирбек Сайфуллаев ўз сўзида ҳозирги кунда ёш олимларга берилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, бугунги конференцияда маърузалари билан қатнашаётган ёшлардан умиди катта эканлигини айтиб ўтди ҳамда санъатшунослар ва рассомлар ўртасидаги ўзаро ижодий алоқани мустаҳкамланишида ҳам ўзига хос аҳамият касб этишига тўхталиб ўтди.  

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Aкмал Нуриддинов табрик сўзида конференция санъат ва санъатшуносликнинг келажагида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган конференциянинг аҳамияти, хусусан, унда танланадиган мавзулар миллий рангтасвир санъатининг долзарб муаммоларини тахлил қилишга қаратилганлиги билан  ажралиб туришини алоҳида қайд этиб, конференция иштирокчиларига омад тилади.

Лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Бадий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Aкбар Ҳакимов конференция санъатшунослик фанида ноанъанавий таълимни ўзида акс эттириб, фан ва таълим ўртасидаги интеграцияни таъминлашда ўзига хос тажриба эканлигини қайд этди. Аввалгиларидан фарқли “ЭГО-XIX” лойиҳасида нафақат санъатшунослар, балки музейшунослар, амалиётчи тадқиқотчилар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Конференциядаги маърузалар замонавий рангтасвир санъати, миниатюра санъати, амалий санъатидаги жараёнлар, маданий мерос объектларини тиклаш ва уларни таъмирлаш муаммоларига бағишланди. Ёш тадқиқотчилар ёш рассомлар ижодини ўрганиш орқали замонавий ўзбек тасвирий санъатидаги долзарб муаммоларга эътибор қаратишди.  Жумладан, ўзбек рангтасвир санъатида бўшлиқ эстетикаси, рангтасвир санъатида қўрқув ва ёлғизлик туйғулари талқини, У.Ражабов ижодида замонавий мавзуларнинг акс этиши, С.Жабборов ижодининг ўзига хос хусусиятлари, Нукус музейидаги сақланаётган рус авангардининг намуналари ноёб намуналари тахлили иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.      

Магистрантларнинг магистрлик диссертациялари ва мустақил изланувчиларнинг докторлик диссертациялари мавзулари юзасидан тадқиқотлари ҳам ўзига хос тарзда апробациядан ўтказилди. Жумладан, мустақил тадқиқотчи Беҳзод Хаджиметовнинг “Ўзбекистон миниатюрара санъатининг ривожланиш жараёни муаммолари” номли маърузаси замонавий миниатюра санъатидаги ижодий жараёнлар, соҳадаги услубий изланишлар ва кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.

Шунингдек, конференция сўнгида мавзулар юзсидан баҳс мунозаралар ҳам бўлиб ўтди. Ўзбек замонавий санъати ва санъатшунослиги муаммолари яна бир бор тилга олинди. Муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар ўртага ташланди, қилинажак ишлар ҳам режалаштириб олинди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик институти ректори Нодирбек Сайфуллаев кейинги конференцияларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги таклифларини берди. Шу билан бирга институт раҳбарияти соҳа ривожига ҳисса қўшадиган ҳар қандай ғояни қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Конференция якунида бугунги маърузачилар ташкилотчилар томонидан махсус дипломлар билан тақдирландилар. Конференциядаги энг мазмунли маърузалар “SAN`AT” журналида чоп этилиши белгилаб олинди.

Сўзимиз сўнгида конференция тўғрисида маълумот беришни лозим топдик. 2006 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган лойиҳа шу вақтгача 200 дан ортиқ ёш санъатшунослар иштирок этишган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон санъатшунослик илмига ўзларининг муносиб хиссаларини қўшиб келмоқда. Конференциянинг дастлабки иштирокчилари бугун соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари сифатида фаолият юритишмоқда. Санъатшунослик фанлари номзоди Зилола Носирова, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа докторлари Бинафша Нодир, Дилдора Умаровалар шулар жумласидан. Шу билан бирга уларнинг аксарияти ўз соҳаси бўйича Республикадаги етакчи музейларда, олий таълим муассасалари, жумладан институтнинг “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедрасида фаолият юритиб келишмоқда. Ушбу натижалар “ЭГО” илмий экспериментал илмий-амалий конференциясининг ўзбек санъатшунослик илмий мактаби бардавомлигини таъминлашда ўзига хос ўринга эга эканлигини кўрсатади.