Aввал хабар
берганимиздек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн
институтига Хитой Халқ Республикасининг Шанхай Cанъат ва Дизайн Академияси
вице-президенти Янг Бо бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бугун ушбу ташриф
доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти
ректори Нодирбек Сайфуллаев Шанхай Cанъат ва Дизайн Академияси вице-президенти
Янг Бо бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Мазкур
учрашувда Нодирбек Сайфуллаев меҳмонларни мазкур ташриф билан қутлади ҳамда
келгусида алоқаларнинг янада равнақ топиши учун бу ташрифнинг аҳамияти юксак
бўлишини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга куни кеча юртимизда ўтган сайлов
жараёнларига ҳам қисқача тўхталиб ўтди. Ўз навбатида Шанхай Cанъат ва Дизайн
Академияси вице-президенти жаноб Янг Бо ҳам самимий қабул учун Камолиддин
Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти ҳамда шахсан
Нодирбек Сайфуллаевга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар
институтда яратилган ижодий жараён уларда илиқ таассурот қолдирганини, шу билан
бирга Хитой амалий санъати ва Ўзбек амалий санъати ўртасида жуда кўп ўхшаш
жиҳатларга дуч келганини айтиб ўтди ҳамда келгусида иккала олий таълим
муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш иккала халқ маданияти
учун ҳам бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Мазкур
учрашувда иккала олий таълим муассасалари ўртасида келгусида амалий ҳамкорликни
йўлга қўйиш, хусусан, унга кўра, талабалар ва профессор ўқитувчиларнинг ўзаро
малака оширишлари, мутахассислар ўртасида ҳамкорликда ишланмалар яратиш,
айниқса, амалий безак соҳасида мутахассисларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш,
шунингдек ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар ўтказиш, ўтказилаётган
конференцияларда ўзаро мутахассисларни иштирокини таъминлаш борасида келишувга
эришилди. Шу билан бирга жаноб Янг Бо Нодирбек Сайфуллайевни ҳамда институт
ходимларини шу йили июл-август ойларида ўтказилиши мўлжалланган номоддий
маданий мерос соҳасига бағишланган конференцияга ҳамда академия ташкил
топганлигининг 60 йиллик юбилейига таклиф этди.

         Самимий
руҳда ўтган учрашув сўнгида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва
дизайн институти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Шанхай Cанъат ва Дизайн
Академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек томонлар
бир-бирларига эсдалик совғалари топширишди.

Мазкур учрашув Хитой ва Ўзбек халқларининг маданий
алоқаларида янги йўналишлар очилишига туртки беради десак муболаға бўлмайди.