Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Талабалар турар жойида “Чемпион билан учрашув” лойиҳаси доирасида ўзбек боксининг сўнги йилларда порлаган энг иқтидорли боксчиларидан бири, олимпиада ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб, меҳмон Талабалар турар жойида ташкил этилган махсус спорт хонасига ташриф буюрди ҳамда кичик мастер класс ташкил этди. Шундан сўнг талабалар билан давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Фазлиддин Ғоибназаров ўзининг боксдаги фаолияти, эришган ютуқлари, бошдан ўткизган қийинчиликлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг саволларига ҳам батафсил жавоб қайтарди.


Боксчимиз талабаларга, аввало, ҳар қандай соҳада ҳам муҳими ортга чекинмаслик эканлигини, улкан муваффақият ортида тинимсиз меҳнат ётишини таъкидлаб, ўзи бошидан ўтказган ва гувоҳи бўлган воқеаларни мисол қилиб келтирди. Бундан ташқари Фазлиддиннинг фикрича, рингга кўтарилиб жанг қилишдан кўра ринг орти қийинчиликларига бардош бериш муҳим. Чунки спортчининг иродаси айнан шу жараёнда чиниқади. Рингда дуч келган қайси рақибингизни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз деган саволга жавобан боксчи ҳеч қайси рақибни алоҳида таъкидламаслигини, ҳамма рақибни ҳурмат қилишини айтиб ўтди ҳамда бугунги ўзбек боксининг ривожидаги асосий омил сифатида жамоавий бирдамликни кўрсатиб ўтди. Учрашув сўнгида боксчи талабаларга дасхат улашди.


Бундай учрашувларнинг ўтказилиши талабаларнинг спортга бўлган қизиқишларини ошириш билан бирга уларнинг қалбида Ватанпарварлик туйғусининг шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.