Ижодкорнинг ижодига томошабин баҳо беради. Ижодкор талабанинг ижодига эса дастлаб устозлар баҳо берадилар. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aмалий санъат факултетида 1 босқич талабаларининг якуний назорат кўриклари ўтказилди. Мазкур кўрикни Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худайберганов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб, зарур ўринларда ўзларининг тавсияларини ҳам бериб ўтди. Шу билан бирга институт раҳбарияти ҳам ушбу кўрикни бевосита кузатиб, талабаларнинг ижодини кўздан кечиришди.

Кўрик сўнгида ҳакамлар ҳайъати йўл қўйилган жузъий камчиликларни айтиб ўтган ҳолда шу нарсага алоҳида урғу бериб ўтдиларки, бу йили истеъдодли талабалар салмоғи ҳар йилгидан юқори ҳамда талабаларнинг санъатга бўлган иштиёқи баланд. Бу нарса биринчи кўрикданоқ маълум бўлиб улгурмоқда. Бунинг сабаби эса, албатта, адолатли ва шаффоф тарзда ташкил этилган қабул жараёнларидир. Чунки қабул жараёнларининг адолатли тарзда ўтиши институтга ҳақиқий истеъдодли талабаларни келишига замин яратади. Улар эса ўз навбатида ижодий муҳитни шакллантириб, ўз ижодлари орқали бутун юртимиз санъати ривожига ҳисса қўшадилар. Шунинг учун ҳам қабул жараёнларини ижодий пойдевор сифатида баҳолаш мумкин.