Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган институтнинг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Омонулла Салихов барчани энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан муборакбод этар экан сўнги йилларда юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотларга тўхталиб, бундай юртнинг фарзанди бўлишнинг ўзи улкан саодат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг институт талабалари томонидан ташкил этилган “Рангларда Ватан мадҳи” деб номланган онлайн кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. Кўргазмада Ватанимиз тарихи, бугуни ва порлоқ келажагини тараннум этган 100 дан ортиқ рангтасвир асарлари номойиш этилди. Ватанимизнинг гўзал табиати, бағрикенг инсонлари, қўлга киритган ютуқлари акс этган ушбу асарлар ёшларимизнинг кўтаринки руҳини ҳамда келажакка бўлган мустаҳкам ишончини намоён этмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, тадбир давомида талабалар халқимиз суйган шоирлар ҳамда ўзларининг ижодидан Ватан мадҳи куйланган шеърлар ўқиб берди. Институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари мустақилликнинг моҳияти, унинг қўлга киритилиш тарихи ҳамда бугун юртимизда амалага оширилаётган улкан ўзгаришлар тўғрисида фикр мулоҳазаларини баён этишди.

Талаба-ёшлар томонидан Мустақиллигимиз ҳақида тайёрланган видеороликлар ҳам конференция иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Тадбир давомида айниқса, талаба-ёшлар томонидан шукроналик туйғуси алоҳида таърифлангани эътиборга молик. Тадбирда фикрларини баён этган талабалар бугунги кунидан мамнун эканликларини ҳамда мустақиллик берган неъматлардан унумли фойдаланиб, юртимизга хизмат қилиш истаги юқори эканлигини баён қилишди.