Ўзбекистоннинг БМТдек нуфузли ташкилот билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда янгича мазмун-моҳият касб этиб, фаол ва кенг қамровли доирада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.Бунга асос албатта Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳалқ муҳокамасидан ўтказилган Ҳаракатлар стратегиясидир. Чунки ушбу ҳужжат ҳалқаро экспертлар хулосаларига кўра, айнан БМТнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадларига тўлиқ мос келиб, халқаро майдонда илгари сурилаётган асосий ислоҳотларнинг мамлакатимиз доирасида ҳам тадбиқ этилишига туртки бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан ҳозирги кундаги ҳамкорлигини қуйидаги йўналишларда кўриш мумкин:

– инсон ҳуқуқларини таъминлаш (мажбурий меҳнатни бекор қилиш, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, бола ҳуқуқларини таъминлаш, одил судловни кафолатлаш, қонун устуворлигини таъминлаш);

– экологик муаммоларнинг ечимини топиш (Орол бўйи минтақасини ривожлантириш, саноатда замонавий технологияларни қўллаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуришининг олдини олиш);

– гендер тенгликни таъминлаш масалалари;

– минтақавий хавфсизлик масалалари (диний экстремизм ва терроризим, одам савдосига қарши кураш, Афғонистонда тинчликни таъминлаш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва бошқалар);

– шунингдек, долзарб аҳамиятга эга бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳозирги кунда коронавирусга қарши кураш ва бу пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий барқарорликка салбий таъсирини юмшатиш бутун дунё миқёсидаги глобал муаммо бўлиб турибди. Бу борада ҳам БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Пандемия шароитидан келиб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги 75-сессияси ҳам ўзгача тарзда, яъни онлайн шаклида ўтказилмоқда. Кўриб турганимиздек, пандемия шароити энг нуфузли анжуманлар ишига ҳам таъсир қилди, бу эса, шундай муҳим тадбирларнинг ҳам ҳозирги шароитга мослашиши лозимлигини тақозо этади.

Мазкур 75-юбилей сессиясининг кун тартиби жуда кенг қамровли эканига эътибор қаратиш лозим. Хусусан, унда:

– COVID-19га қаршиш ҳамжиҳатликда курашиш;

– минтақавий хавфсизлик;

– инсон ҳуқуқларини илгари суриш;

– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш;

– терроризмга қарши курашиш;

– гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш;

– иқтисодий ҳамкорлик;

– экология муаммолари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бу юқори даражадаги анжуманда Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида тўхталадиган бўлсак, энг аввало, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф-ташаббусларни илгари сургани ва ўз фикр-мулоҳазаларини баён этганини эслаб ўтиш жоиз.

Хусусан, Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг 6 та ғоясидан 5 таси ҳозирга қадар амалга ошганини кўриш мумкин:

1. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган резолюцияси;

2. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюцияси;

3. “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” резолюциялари қабул қилинди.

4. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди;

5. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил қилинди;

Бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Биламизки, бу масала яқиндагина инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми доирасида кенг муҳокамадан ўтказилди. Яъни, бу масала мураккаблиги боис кўпроқ вақт талаб қилишини инобатга олиш зарур.

2020 йил 15 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси бошланди. БМТ Бош Ассамблеяси янги сессиясининг аввалги 74 та сессиядан шаклан ва мазмунан фарқ қиладиган бир қатор хусусиятлари мавжуд. Коронавирус пандемияси сабабли сессия иши масофавий, яъни онлайн шаклда ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида, сессиянинг ялпи мажлисларида аввалгилардан кўра кўпроқ давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этишига имконият яратди.

БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг олий даражадаги асосий тадбирлари 22-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Шу бир ҳафта ичида кўплаб давлат раҳбарлари маъруза билан чиқиш қилади.

Пандемия олдида мамлакатлар бир ёқадан бош чиқариб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириши керак, Карантин, чегаралар ёпилиши, ер юзининг деярли барча мамлакатларида фуқаролар учун кўплаб оғир муаммолар вужудга келиши – буларнинг бари бугунги куннинг очиқ, яққол ҳақиқати.

2020 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилидан нутқ сўзлади ва глобал аҳамият касб этувчи қуйидаги ташаббусларни ўртага ташлади:

1. Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш(ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим);

2.  Марказий Осиё давлатларини глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш мақсадида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш;

3. Терроризмга қарши кураш бўйича минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш;

4. 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё-жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” номли халқаро форумни ўтказиш;

5. Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳамда ушбу муҳим ҳужжат қабул қилинган санани “Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни” сифатида нишонлаш;

6. Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалага бағишланган глобал саммит ўтказиш.

Президент Марказий Осиёдаги ҳамкорлик масалаларини ҳам қайд этиб, охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсганлигини таъкидлади:“Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарур.Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир. Шу боисдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур”.

Давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири — глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда.

Ўзбекистон Президенти жаҳон омма эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратиб:“Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Биз мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқдамиз.Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Умид қиламизки, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади. Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди” дея таъкидлади.

БМТ минбаридан туриб Ш.М.Мирзиёев: “жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтирмоқда. Бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур. Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз” дея бутун инсониятни хушёрликка чорлади.

Ўйлаймизки, Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўртага ташланган ташаббуслар бутун инсоният фаровонлиги йўлида хизмат қилади.

“Ижтимоий фанлар, педагогика ва

касбий таълим” кафедраси катта

ўқитувчиси ШавкатҒаниев