Абдуғани Абдураззоқов таваллудига 90 йил тўлди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби – Абдуғани Абдураззоқовнинг таваллудига 90 йил тўлди.

Шу муносабат билан, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев устозни хонодонига ташриф буюриб, уни қутлуғ ёши билан табриклаб, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини тақдим этди.

Абдуғани Абдураззоқов 1930 йил Тошкент вилоятининг Қибрай шаҳарчасида таваллуд топган. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институтида ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида фаолият юритиб, Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини таъмирлаш фани ва амалиётига улкан ҳисса қўшган ҳамда бу соҳада ўзига хос мактаб яратган олимлардан биридир. Ўзининг олтмиш йилдан кўпроқ илмий ва амалий фаолиятида 220 дан ортиқ илмий мақолалар, 6 та монография, 3 та илмий-услубий қўлланмалар яратди. Шунингдек. ёдгорликларни таъмирлашни янги ва ўзига хос усулларини яратганлиги учун 5 та муаллифлик гувоҳномасига эга бўлган. Муаллифнинг бу соҳадаги илмий ишлари Ўзбекистон Бадиий Академияси кумуш медалига сазовор бўлган.

Ҳозирги кунда олим “Таъмирлашда ашёлар технологияси” мавзусида дарслик ва “Амалий санъат асарларини таъмирлаш асослари” ўқув қўлланмаларини тайёрламоқда. Ўтган йиллар давомида қадимий ёдгорликларни таъмирлаш бўйича республикада мутахассислар тайёрлашга бош бўлди.  Улар учун 36 та дастур ва мажмуалар яратди, бакалавр ва магистрлар битирув малакавий ишларига илмий раҳбарлик қилди.

Абдуғани Абдураззоқов раҳбарлигида узоқ йиллар давомида 20 мингдан ортиқ қадимги топилмалар таъмирланиб, музейларга топширилди. Бу ишларни бажариш жараёнида 4 та фан номзодлари ва 20 дан ортиқ таъмиршунос мутахассислар тайёрланди. Устоз АҚШдаги Халқаро Шишасозлик қўмитаси ва Япониядаги Осиё мамлакатлари шишасозлигини ўрганувчи Блайер жамияти аъзоси этиб сайланган.

Бевосита у кишининг раҳбарлигида 1966 йили Ўз ФА Тарих ва археология институти қошида “Археология ёдгорликларини таъмирлаш ва тадқиқ этиш” лабораторияси, 1970 йили Ўз ФА Археология институтининг “Тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва кимёвий-технологик ўрганиш” бўлими ва бу соҳага зарур бўлган кадрларни тайёрлаш учун 1998 йили Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таркибида “Тарихий ёдгорликларни таъмирлаш” кафедраси ташкил этилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси номидан Абдуғани Абдураззоқовни қутлуғ ёши билан чин юракдан самимий муборакбод этган ҳолда, устозга сиҳат-саломатлик ҳамда келгуси фаолиятларида бунданда улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.