Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида институт талабасига айланган Моҳирахон Иброҳимованинг хонадонига ташриф буюрди

Бугунги  кунда юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ушбу грант асосида институт талабасига айланган Моҳирахон Иброҳимованинг хонадонига ташриф буюрди ҳамда уни  талаба бўлгани билан қутлаб, институт жамоаси номидан эсдалик совғаларини тақдим этди.

– Бугун жуда ҳам бахтлиман. Болалигимдан қизиққан орзу қилган олий таълим муассасасининг талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим. – дея ўз ҳаяжони билан ўртоқлашди интерьерни лойиҳалаш таълим йўналиши талабасига айланган Моҳирахон Иброҳимова. – Бунинг учун Президетимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келажакда албатта, менга билдирилган ишончни оқлаб, танлаган соҳамнинг етук мутахассиси бўлиш йўлида тинмай изланаман. 

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти юртимиздаги тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музейшунослик, санъатшунослик йўналишларида мутахассис тайёрловчи етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда кўплаб профессор-ўқитувчиларимиз яратган нодир асарлар нафақат юртимизда балки, хориждаги нуфузли кўргазма залларида намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галереяларда сақланмоқда.

Ўз ўрнида институт ректори институтда талабаларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб,  талаба-ёшлар ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда келажакда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.