Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида институт талабасига айланган Латифабону Расулова билан учрашди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилган эди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ушбу грант асосида институт талабасига айланган Латифабону Расулова билан учрашди ҳамда уни  талаба бўлгани билан қутлаб, институт жамоаси номидан эсдалик совғаларини тақдим этди.

– Давлат гранти асосида талаба бўлганим ҳақидаги хабарни эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим. Менга билдирилган улкан ишонч учун Президетимизга ўзим ва яқинларим номидан миннатдорчилигимни билдираман – дея ўзининг қувончини ифода этди Профессионал таълим: интерьерни лойиҳалаш таълим йўналиши талабасига айланган Латифабону Расулова.- Келажакда бу ишончга муносиб бўлишга интиламан.

Ўз ўрнида институт ректори институтда талабаларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб,  талаба-ёшлар ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда келажакда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.