Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан Адиблар хиёбонида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди


Она тили – миллатнинг руҳидир. Бугун юртимизда ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда жаҳонда ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» сифатида кенг нишонланмоқда.

Албатта, тилимизнинг гўзаллиги ҳамда нафосатини намоён этишда миллий адабиётимизнинг тутган ўрни беқиёс. Шу билан бирга, адабиёт ва санъат доимо бир бири билан узвий боғлиқ. Тарихан ўзбек миниатюра санъати ривожи мумтоз адабиётимиз билан чамбарчас ривожланиб келган. Бугун ҳам қанчадан-қанча мусаввирлар адабиётимиздан илҳомланган ҳолда, асарлар яратишмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан Адиблар хиёбонида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам айнан адабиёт ва тасвирий ва амалий санъат ушбу ҳамоҳанглик яна бир намоён бўлди.

Тадбирга меҳмон сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Aли йиғилганларни «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан чин юракдан қутлар экан, ижодкорлар доимо ўзбек тили, ўзек адабиёти мавзусига мурожаат қилиб, тилимизнинг қадри бунданда юксак бўлиши учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини қайд этиб ўтди.

Тиллар ва адабиёт кафедрасининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, барчани қутлуғ айём билан муборакбод этиб, ўзбек тилининг нақадар бебаҳп хазина эканлиги тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир давомида институт талабалари бевосита Адиблар хиёбонида адибларимизнинг портретлари ҳамда улар яратган ижодий асарлар асосида тасвирий санъат намуналарини яратишди. Шунингдек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия, ва бошқа бир қатор адиблар ижодидан намуналар ўқиб беришди.

Айниқса, институтда таҳсил олаётган русийзабон талабалар томонидан ўқиб берилган  Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар йиғилганларда илиқ таасурот қолдирди.

Шунингдек,тадбирда институт талаба-ёшлари учун  «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида ташкил этилган ижодий кўрик танловнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда ушбу тадбирни ташкил этишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ талабалар институт раҳбарияти томонидан диплом ва сертикатлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Институтда «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда.