“Тамаддун бунёдкорлари” деб номланган танлов НИЗОМИ

I. Танлов ташкилотчиси

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

II. Танловнинг мақсад ва вазифаси

Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради.

“Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.

Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.

Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак.

Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.

Танлов орқали ёш авлоднинг қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган маънавий баркамол ҳамда турли ёт иллатларга қарши иммунитети шакллантириш,  ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини оммалаштириш ва мустақил ижод йўлини бошлашларига кўмаклашиш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.

III. Танловни ўтказиш муддати ва жойи

“Тамаддун бунёдкорлари” танлови ғолиб ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими ва кўргазманинг очилиши 2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида жойлашган йирик кўргазмалар залидан бирида ўтказилади.

IV.Танлов шартлари

4.1. Танловда бакалавр ва магистратура босқичи талаба-ёшлари иштирок этишлари мумкин;

4.2. Танловга тақдим этилган ижодий ишларда қуйидаги мавзулар акс эттирилиши лозим:

– Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонлигини акс этиш;

– иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берган алломаларни тарғиб этиш;

– Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси акс этиш.

4.3. Танловга тақдим этилган асарлар тасвирий ва амалий санъат, фото ҳамда дизайннинг барча бадиий усул ва турли услубларида бўлиши мумкин, асарларнинг ҳажми ва ашёлари чегараланмаган;

4.4. Ҳар бир иштирокчи анкета тўлдириши, исми, шарифи, факультети ва курси, асарнинг ҳажми, номи ҳақидаги маълумотларни илова қилиши лозим;

4.5. Ижодий ишлар 2021 йил 1мартга қадар ТСФ, АСФ, СФ, ДФ факультетларнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари томонидан қабул қилинади ҳамда рўйхатга олинади;

4.6. Танловдан сўнг совринли ўринни эгаллаган асарлар ўз эгаларига қайтарилмайди.

V. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш тартиби

5.1. Танлов келиб тушган ижодий ишлар қуйидаги номинациялар бўйича баҳоланади:

– “Энг яхши тасвирий санъат асари”;

– “Энг яхши амалий санъат асари”;

– “Энг яхши бадиий фото ва компьютер графика иши”.

5.2. Танлов учун келиб тушган ижодий ишлар Ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва ғолиблар аниқланади.

5.3. Танловда ҳар бир номинациялар бўйича 1 нафар ғолиб учун диплом, рағбатлантирувчи мукофотлар таъсис этилади.

5.4. Ғолиблар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланадилар

– “Энг яхши тасвирий санъат асари” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

– “Энг яхши амалий санъат асари” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

– “Энг яхши фото ва компьютер графика иши” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

Шунингдек, ғолиб ва барча танлов иштирокчилари диплом ва сертификатлар билан тақдирланадилар.