Аввал хабар берганимиздек, Олий аттестация комиссиясининг тегишли қароригаасосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида илк бор илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш очилган эди. Бугун ушбу илмий Кенгаш қошидаги Илмий семинарнинг илк йиғилиши   ўтказилди.

Семинарни очиб берган институт ректори  Нодирбек Сайфуллаев институтда ижодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, илмий фаолиятни юксалтириш, бадиий таълимнинг ривожига муносиб ҳисса қўшадиган иқтидорли кадрларни тайёрлаш ҳам устувор вазифа эканлигини, ушбу вазифалар ижросини таъминлаш учун Илмий Кенгаш ўзига хос локомотив вазифасини бажариши лозимлигини  таъкидлаб ўтди ҳамда бугун семинарга чиқаётган тадқиқотчига омад тилаб, сўзни семинар Кенгашинингг раиси aрхитектура фанлари доктори, профессор Абдуманноп Зияевга берди.

Семинарда Сакина Мухамеджанованинг “Мустақиллик даври Ўзбекистон ташқи реклама санъати мавзусидаги 17.00.08 – “Санъат назарияси ва тарихи” ихтисослиги бўйича санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси муҳокама қилинди.

Ушбу семинар онлайн тарзда ўтказилиб, унда илмий Кенгаш аъзолари, тақризчилар, ОАК экспертлари, докторантлар ва мустақил изланувчилар ва факультет деканлари, кафедра мудирлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этишди. Муҳокамалар қизғин тарзда ўтиб, савол-жавобларга бой бўлди.

– Институтда янги ташкил этилган илмий даража берувчи Кенгашда қошида бўлиб ўтган илк семинар иштирокчиси эканлигимдан жуда ҳам хурсандман, – дейди Сакина Мухамеджанова. – яқин кунларда диссертациямни мувафаққиятли ҳимоя қилиб ушбу Кенгашда илмий ишини ҳимоя қилган илк докторантлардан бири бўлишни мақсад қилганман. Бизга ушбу имкониятни тақдим этгани учун ҳамда институтда илмий тадқиқотлар ривожи учун кенг имконият яратиб бераётгани учун институт раҳбариятига ўз миннатдиорчилигимни билдираман.