Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида «Замонавий Ўзбекистонда реставрация ва консервациянинг долзарб муаммолари» мавзуида илмий семинар бўлиб ўтди.

Маълумки, юртимиз тарихий обидалар ҳамда зиёратгоҳларга жуда бой ўлка ҳисобланади. Ушбу маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Илмий анжуманда реставрация ва консервациянинг долзарб муаммолари, уларни юзага келтирган сабаблар, реставрация ва консервация ишларини янада ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур семинарда «Ўзбекистон зиёратгоҳлари меъморчилигининг тарихий қиёфасини сақлаш муаммолари», «Самарқанд меъморий ёдгорликлари ва уларни таъмирлашнинг ўзига хос хусусиятлари», «Ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш муаммолари», «Хива меъморий ёдгорликлари техник ҳолатини мониторинг қилиш бўйича инновацион ёндашув», «Бадиий таълим тизимида реставратор кадрларни тайёрлашга доир» мавзуларида экспертлар томонидан маърузалар тингланди. Истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Илмий семинарда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар ҳамда магистрантлар фаол иштирок этиб, маърузалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.