#dildagi_gaplar

Бугунги кунда юртимизда Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида улкан ўзгаришлар, муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, таълим соҳасида бу ўзгаришларни яққол сезиш мумкин. Бу борада бир қатор қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Провардида эса, бугун таълим тизимимиз рақобатбардош тизимга айланиб, жаҳон ҳамжамиятининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлиб бормоқда.

Қувонарли томони шундан иборатки, юртимизда бўлаётган бундай ўзгаришлар, янгиланишлар институтимизда ҳам бор бўйи билан акс этмоқда.

Тан олиш лозим, Ўзбекистонда бадиий таълимга ихтисослашган ягона олий таълим муассасаси бўлмиш Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ташкил этилгандан бери кўпроқ ўз қолипига ўралиб қолган эди. Яъни, жаҳонда ҳамда юртимизда таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, санъат соҳасида бўлаётган янги ижодий тенденциялар бизнинг таълим даргоҳимизда тўлақонли акс этмаётгандек эди. Бу эса ўз навбатида мамалакатимиз бадиий таълим салоҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади, албатта.

Бугун эса комил ишонч билан айтиш мумкинки, институтда образли қилиб айтганда об-ҳаво ўзгарди, янги қон кириб келди. Сўнги тўрт йилдан ошиқ вақт давомида юртимизда рўй берган ўзгаришларга монанад тарзда институтда ҳам худди шундай янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Институт дарвозисидан киришингиз билан, бу таълим даргоҳи янги сифат даражасига эришгани яққол намоён бўлади. Аввало, айни кунларда олиб борилаётган жорий таъмирлаш ишларини олайлик. Барча қулайликларга эга бўлган анжуманлар залида бугун дунё даражасидаги анжуман, илмий конференциялар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Ўқув аудиторияларимизда иситиш ва ёритиш тизимлари тубдан ўзгарди. Энг замонавий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Парталар, стол-стуллар, мутахассислик фанларидан ишлатиладиган мольбертлар янгиланди ҳамда бу жараён давом эттирилмоқда.

Ижодий ва касбий нуқтайи назардан дунёнинг кўплаб давлатларида, санъат олийгоҳларида бўламиз. Қолаверса, турли хил тадбирлар муносабати билан юртимиздаги замонавий олий таълим муассасаларига ташриф буюрамиз. Шундай вақтларда уларда яратилган шароитларни кўриб, «қанийди бизда ҳам шу каби янгиликлар жорий этилса» деган бир фикр ўтар эди. Мана бугун кўриб турибмизки, бизнинг институтимиз ҳам дунёдаги ҳеч бир олийгоҳдан қолишмайдиган шароитларга эга бўлмоқда. Ҳеч иккиланишсиз чет эллик нуфузли меҳмонларни ҳам институтга олиб келишимиз мумкин. 2020 йилнинг 21 апрель куни эълон қилинган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Қарори ҳамда мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 8 январь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кенг кўламли қурилиш ишарини амалга ошириш белгиланди. Ишонаманки, бундай юксак шароитларда таълим олаётган талабалар келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишадилар ҳамда юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшадилар.

Бундан ташқари, бугун институтда барча талабаларнинг нафақат ижоди билан балки, уларнинг тақдири, ўй-хаёллари, яшаў шароитлари борасида ҳам жиддий қайғурилмоқда, эътибор билан ёндошилмоқда. Бу борада бугун тақдимоти ўтказилган талабалар мутахассислик фанларида кийишлари учун мўлжалланган махсус кийимларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу кичик иш бўлиб кўриниши мумкин, бироқ бунинг таг замирида, ижодкор талабаларга бўлган ғамхўрлик, санъатга бўлган эътибор мужассам.

        Шу билан бирга, талабалар учун ташкил этилаётган танловлар, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантирилишини алоҳида эътироф этиш жоиз. Кейинги вақтларда дунёда даражасида эътироф этилишга арзирли танловлар ўтказилмоқда. Ёш ижодкорларнинг ижодий асарлари акс этган каталогнинг нашр этилиши эса ўйлайманки, институт тарихида мисли кўрилмаган воқеликдир. Бугун институт том маънода истеъдодлар масканига айланмоқда, десак, муболаға бўлмайди.

Институтда ижодий фаолият билан биргаликда илмий фаолият ҳам юксалиб бораётгани яна бир қувонарли ҳолат деб ўйлайман. Бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз бир маҳаллар илмий мақолаларини чоп этиш учун қанча қийинчиликларга дуч келганларига гувоҳ бўлар эдик. Бугун эса бу муаммо ҳам ечимини топиб, «Ахборотнома» журнали таъсис этилди. Айнан бизнинг соҳамиз учун, бизнинг фаолиятимиз акс этиши учун алоҳида даврий нашр пайдо бўлди.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири бу институт қошида илмий даражалар берувчи илмий Кенгашнинг очилиши ҳамда кўп вақт ўтмасдан мазкур Кенгашда илк ҳимоянинг ўтказилиши бўлди.

Институтда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ўзгаришларнинг таг замирида Муҳтарам Президентимиз томонидан санъат ва маданият, хусусан, тасвирий ва амалий санъатга берилаётган эътибор ётибди, десак муболаға бўлмайди.

Шу билан бирга, бу эътибор ва ғамхўрликнинг институт ҳаётида акс этиши учун меҳнат қилаётган ҳамда қайғураётган институт раҳбариятининг ҳам хизматларини алоҳида эътироф этишни жоиз деб биламан. Ҳозирги ўзгаришларнинг амалга оширилишида институт раҳбариятининг ватанпарварлиги, ҳаётий тажрибаси, куюнчаклиги, замон руҳига мос фикрлаши, ижодкорларга бўлган юксак ҳурмати ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Хулоса қилиб айтганда, институтимиз юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг кичик мисоли бўла олаётганидан мамнунман. Ва ишонаманки, бу ўзгаришлар ўзбек санъатининг дунёда янада кенг эътироф этилишига, тан олинишига ва ўрганилишига хизмат қилади.

Ортиқали Қозоқов,

Ўзбекистонда Республикаси

санъат арбоби, доцент,

институт жамоатчилик Кенгаши

 раиси