Рассом мухлислар билан асарларининг кўргазмаси орқали  мулоқот қилади, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам кўргазмага ҳаёжон билан алоҳида тайёргарлик кўради.

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти Имяр Мансуровнинг шахсий кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу кўргазмага ташриф буюрган институт ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Омонилла Салихов институт раҳбарияти номидан Имяр Мансуровни кўргазма билан муборакбод этди ҳамда диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

Кўргазмага юртимизнинг таниқли мўйқалам усталари, санъат ва маданият соҳаси вакиллари ҳамда санъат ихлосмандлари ташриф буюриб, ижодкор ва унинг ижоди ҳақида ўз фикрларини баён этиб, кейинги ижодига мувафаққиятлар тилашди.

Имяр Мансуров  1947-йил Қозоғистон Республикаси Жаркент  туманида таваллуд топган. Бугунги кунда  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн  институти  “Театр безаги рангтасвири” кафедраси доцент лавозимида  фаолият юритмоқда. Институтнинг илмий-ижодий ишлардаги ютуқларида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган етук  педагоглардан. Ўзининг эллик  йиллик илмий-ижодий ва амалий фаолиятида мингдан ортиқ ижодий асарларини яратган.

Хитой, Франция, Марокко, Ҳиндистон, Германия, Қозоғистон Республикасида шахсий кўргазмаларини ўтказган ва унинг бир неча ижодий асарлари бошқа хорижий давлатлар музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланмоқда. 2000 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Кумуш” медали билан тақдирланди. 2002 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони соҳиби бўлган. 2007 йилда Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан “Олтин” медал билан тақдирланган.
2017 йилда “Ўзбекистон тасвирий санъатига қўшган юксак ижодий ҳиссаси учун” дипломи билан тақдирланган.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси номидан Имяр Мансуровга сиҳат-саломатлик ҳамда келгуси фаолиятларида бунданда улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.