Маълумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 январь куни Ислом цивилизацияси марказига ташрифлари чоғида музейшунослик ҳамда қадимий хаттотлик анъаналарини ривожлантиришга доир бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ушбу вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов, Бош илмий котиби Феруза Абиджанова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бош мутахассиси Муроджон Мажидов, институт раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Йиғилишни очиб берган институт ректори Нодирбек Сайфуллаев  бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларга чуқур кириб бораётганини, Муҳтарам Президентимизимиз томонидан ҳар бир соҳанинг истиқболига доир вазифалар белгилаб берилаётганини, таъкидлаб, бугун музейшунослик ҳамда хаттотлик соҳалари олдида турган долзарб вазифалар чуқур муҳикама қилинишини билдирди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов соҳадаги муаммоларни муҳокама қилишимиз ҳамда ечим топишимиз, айниқса, ёш мутахассисларни тайёрлаш масаласига жуда жиддий эътибор қаратиш, уларни дунё даражасига олиб чиқиш учун аввало, чет тилларини мукаммал ўрганишларига шароит яратиш лозимлигига тўхталди.

Музейшунослик кафедраси мудири Камола Нишонова ҳамда Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси мудири Жамшид Рашидовлар сўзга чиқиб музейшунослик ҳамда хаттотликнинг тарихи юртимиздаги ривожи, соҳанинг бугунги ҳолати, шунингдек, кафедраларнинг тарихи, бугунги кунда илмий салоҳияти ҳамда соҳа ривожига доир таклифлар акс этган тақдимотларини намойиш этдилар.

Мавзу юзасидан мажлис қатнашчилари ўз фикр мулоҳазаларини баён этдилар. Айниқса, бу соҳаларнинг ривожида хорижий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги нуфузли Олий таълим муассасалари, ихтисослашган марказлар, музейларга амалиёт ўташ ҳамда тажриба алмашиш учун юбориш муҳим эканлиги қайд этилди.

Йиғилиш сўнгида Олий аттестация комиссиясининг тегишли қарорига асосан профессор илмий унвонига сазовор бўлган Акмал Нуридиновга танатанали равишда диплом топширилди.

Шунингдек, институтнинг барча йўналишларини келгуси ривожига доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.