Тадбирни очиб берган институт ректори Нодирбек Сайфуллаев барча иштирокчиларни қутлар экан, ҳар бир соҳанинг ривожи ҳамда шакл ва мазмун жиҳатдан бойиши, ушбу соҳанинг қанчалик кенг тадқиқ этилишига ҳам боғлиқ эканлигини, бугунги кунда бадиий таълим  ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳада бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларни янада кенг тарғиб этиш, ижодкорларнинг янгича қарашлари ва интилишларини янада сайқалланишида санъатшуносларнинг ҳам алоҳида масъулияти борлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекитон Бадиий академиясининг бош илмий котиби Феруза Абиджанова бугунги кунда барча соҳаларда бўлаётган янгиланишлар тасвирий ва амалий санъатда ҳам бўй кўрсатиши лозимлигини, бунинг учун мусаввир ва санъатшунос бирдек масъулиятли эканлигини таъкидлаб, айни ўзгаришлар санъатшунос нигоҳида таҳлил этилиши жуда ҳам муҳим эканлигини қўшимча қилиб ўтди.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон тасвирий санъатидаги номлари тилга олинган йирик рассомлар ижоди, балки номи танилмаган, ўрганишга муҳтож бўлган кўплаб ижодкорларнинг фаолиятини кенг оммага, мутахассисларга тарғиб этишдан иборат бўлди.

Конференция давомида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимовнинг «Чингиз Ахмаров: парящие ангелы всегда малоды», Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Рахимованинг “Теоритеческие аспекты исследования искусства Узбекистана”  санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилзода Алимқулованинг “Содиқжон Раҳмонов устозига муносиб ворис”, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Равшан Фатхуллаевнинг “Тамарахоним халқлар дўстлиги куйчиси (Тамарахоним уй музейи зали асосида)” ва бошқа кўплаб долзарб мавзулар ёритилган маърузалар янгради ҳамда иштирокчилар томонидан муҳкама қилинди.

Кафедра томонидан 15 март санасини институт миқёсида санъатшунослик куни деб эътироф этиш ҳақидаги таклифи институт раҳбарияти томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Бугун қатнашчилар янгиланган илмий маълумотлар ва методология ёрдамида кам ўрганилган рассомлар ижоди, уларни миллий рангтасвир ривожига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Конференция сўнгида барча маърузачилар ташкилотчилар томонидан сертификат билан тақдирланди.