Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузуридаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгашда Камила Хикматуллаеванинг 17.00.08 – “Санъат назарияси ва тарихи” (санъатшунослик фанлар) ихтисослиги бўйича “Мустақиллик даврида  Ўзбекистонда замонавий шаҳар муҳитини бадиий безатиш санъати (Тошкент шаҳри мисолида)” мавзусидаги ёзилган диссертация иши ҳимояси бўлиб ўтди.

Илмий раҳбар санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова, расмий оппонентлар архитектура фанлари доктори, профессор Додо Нозилов ҳамда санъатшунослик фанлари номзоди Шахло Абдуллаева.

Ҳимояни Кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова олиб борди.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимиз кун кундан замонавий қиёфа касб этиб бормоқда. Бугунги шаҳарларда инсонларнинг яшашлари билан бирга яратилган муҳитдан эстетик завқ олиши ҳам муҳим жараён ҳисобланади. Тадқиқот ишида бу борада юзага келган муаммолар атрофлича таҳлил этилиб, ечимлар ҳам таклиф этилган.

Мазкур мавзуга бағишланган илмий тадқиқот қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Институт ректори, Кенгаш аъзоси Нодирбек Сайфуллаев илмий тадқиқот иши ҳақида фикр билдирар экан, мазкур ҳимоя билан барчани табриклаб, ҳар бир соҳанинг ривожи ҳамда шакл ва мазмун жиҳатдан бойиши, ушбу соҳанинг қанчалик кенг тадқиқ этилишига ҳам боғлиқ эканлигини, бугунги кунда бадиий таълим  ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳада бўлаётган ўзгаришларни нафақат эътироф этиш, шунингдек, бу ўзгаришларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш ҳам муҳим эканлиги, бу тадқиқотлар соҳанинг кейинги ривожланиш йўналишини аниқлаш ва янгиликлар жорий этиш учун хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди ҳамда тадқиқотчига муваффақият тилади.

“Мустақиллик даврида  Ўзбекистонда замонавий шаҳар муҳитини бадиий безатиш санъати (Тошкент шаҳри мисолида)” мавзусидаги ёзилган диссертация иши ҳимояси мувафаққиятли ўтди.