Наврўзи олам –ҳамма бир бирига хайр-саховат, меҳр-мурувват улашадиган қутлуғ байрам. Ушбу айёмда нуроний отахону-отахонларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳолидан хабар олиш халқимизга хос эзгу фазилат ҳисобланади.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев институтда узоқ йиллар фаолият юритиб, юртимиз ва жаҳон тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган,  Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Алишер Мирзаевнинг хонадонига ташриф буюриб, устозни Наврўз айёми ҳамда тавваллуд куни билан муборакбод этди.

Ташриф чоғида устоз рассом билан бугун юртимизда тасвирий санъат ривожига қаратилаётган улкан эътибор, қолаверса институтда талабаларнинг истеъдодларини намоён этишлари учун яратилаётган шароитлар, бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлан ишлар  тўғрисида самимий суҳбат бўлиб ўтди.

Шунингдек, суҳбат чоғида мусаввир яқинда нашрдан чиққан «Зиёлилар базми» асари ҳақида ҳам тўхталиб, бу асарнинг дунёга келишида институтда олиб борган фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Рассомнинг етуклик даври воқеалари ҳикоя қилинган ушбу асар Алишер Мирзаевнинг учинчи романи бўлиб, унда инсон ва ижод кишиси сифатида шаклланган бош қаҳрамон эндиликда   дунёни, ҳаётни, умр кечмишларини, ўзини қуршаган одамлар тақдирини зиёлилик тарозисига солиб ўрганади, мулоҳаза юритади.

Учрашув сўнгида эътобор ҳамда ташриф учун учун миннатдорчилик билдирар экан, Алишер Мирзаев бугун институтда амалга оширилаётган ишлардан мамнун эканлигини айтиб, Нодирбек Сайфуллаевга «Зиёлилар базми» китобини совға қилди.