Юртимиз дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган минтақалардан бири ҳисобланади. Бу заминда яратилган моддий ва маданий мерос жаҳон ҳамжамиятининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Айниқса, Темур ва темурийлар даврида Моварауннаҳр ҳудуди дунёнинг энг тараққий этган ҳудуди сифатида маданий жиҳатдан ҳам катта янгиликларга юз тутди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Нидерландия давлатининг энг қадимий олий таълим масканларидан бири бўлмиш Лейден университети билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон моддий ва номоддий мероси жаҳон эътирофида» номли вебенарда айнан ушбу мавзуларда маърузалар тингланди.

Жумладан, Лейден университети профессори Елена Паскалева «Темурийлар мероси ва улуғворлигини ўрганиш» номли маърузасида темурийлар даврида яратилган мероснинг нафақат Шарқда, балки Ғарб давлатларида ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб келинганлиги ва бугунги кунда ҳам бу давом этиаётганлигини баён қилиб, бевосита ўзи олиб борган илмий тадқиқотларда топилган муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Маълумки, темурийлар даврида яратилган кўплаб осори атиқалар, тарихий буюмлар дунёнинг кўплаб музейларида ноёб экспонат сифатида сақланиб келинмоқда. Уларни янада кенг тадқиқ қилиш, ўрганиш ҳамда бу изланишлар ҳақида кенг оммага кўпроқ маълумот бериш лозим. Институтнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари  доктори (DSs) Дилафрўз Қурбонова ўзининг «Жаҳон музейларидаги темурийларга оид дурдоналар ва уларни ўрганишнинг муҳим жиҳатлари» номли маърузасида шулар ҳақида қимматли маълумотлар билан таништириб ўтди.

Фалсафа  фанлари доктори, институт профессори Усмон Қорабоев «Ўзбекистон номоддий маданий мероси: тиклаш ва ривожлантириш тенденциялари» номли маърузасида юртимиз номоддий меросининг жаҳонда, жумладан, ЮНEСКО томонидан эътироф этилиб, умуминсоний номоддий қадриятлар таркибига киритилиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот бериб, бу борада олдимизда турган муҳим вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Темурийлар даврида қурилган меъморий ёдгорликлар нафақат ушбу салтанатнинг куч қудратидан далолат эканлиги, шу билан бирга, ўша давр маданияти, санъати ҳақида ҳам маълумот бериши билан аҳамиятли ҳисобланади. Вебинарда «Темурийлар даври амалий безак санъати» номли маърузаси билан иштирок этган санъатшунослик фанлари номзоди Шахло Абдуллаева ушбу даврда яратилган амалий безак санъатининг ўзига хосликларига алоҳида эътибор қаратиб ўтди.

Вебинар қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди ҳамда иштирокчилар томонидан берилган кўплаб саволларга маърузачилар батафсил жавоб берди.

Маълумот ўрнида, Лейден университети Нидерландиянинг энг қадимги университетларидан ҳисобланиб 1575 йилда ташкил этилган. Ҳозирда университетда 116 та турли мамлакатлардан келган  30 мингдан ошиқ талаба таҳсил олмоқда. Times Higher Education 2021 дунё рейтингида 70-ўринда қайд этилган.