Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишланган  «Соҳибқирон илм-фан ва маданият ҳомийси» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси Ҳарбий оркестр жамоаси ва Фахрий қоровул взводи курсантларининг ватанпарварлик руҳи акс этган кўргазмали чиқишлари бўлиб ўтди.

Институт фойесида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Алишер Алиқуловнинг «Тарихий чизгилар» деб номланган ижодий-ишлари кўргазмаси намойиш этилди. Ушбу кўргазмада рассомнинг Темур ва темурийлар даври ҳамда бошқа  тарихий мавзулар акс этган “Давр ва авлодлар”, “Олтин давр”, “Туман”, “Элчилар қабули”, “Совға”, “Ҳукмдор. Нур ва соя” ва бошқа бир қанча машҳур асарлари намойиш этилди.

Шундан сўнг анжуманлар залида ўз ижодий ва илмий изланишлари орқали Амир Темур ва темурийлар даври тарихини кенг ёритган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Ҳайкалтарошлик”  кафедраси профессори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси санати арбоби Илҳом Жаббаров, “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори, Ўзбекистон Республикаси санати арбоби Алишер Аликулов, “Музейшунослик” кафедраси профессори , санъатшунослик  фанлари номзоди Зуҳра Рахимова, “Амалий графика” кафедраси доценти, «Шуҳрат» медали соҳиби Серик Пирматов,  “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий   таълим” кафедраси доценти Раҳмонали Ҳасановларга «Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди эсдалик нишони» тантанали равишда топширилди.

Институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилафрўз Қурбонова Амир Темур илм-фан ва маданият ривожига катта эътибор қаратгани, бунинг натижаси ўлароқ, мўғуллар босқинида вайрон бўлган минтақа тўлиқ қайта тиклангани ҳамда юртимиз ва жаҳон тарихида иккинчи Ренесанс деб аталмиш улкан ўзгаришларга асос солинганини алоҳида қайд этиб, Амир Темур шахсини ўрганиш ёш авлодни  ватанпарлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ижтимоий фанлар кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева «Темурийлар даврида маданий ҳаёт», Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти Фаромарзи Файзулло «Амир Темур даврида тарихнавислик» номли маърузаларида Буюк Соҳибқирон бобомизнинг илм-фан ва маданият ривожига қаратган эътибори, улкан салтанат ҳудудларида олиб борган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари тўгрисида кўплаб қизиқарли маълумотлар беришди.

Тадбирда  тарих фанлари доктори Дилафрўз Қурбонова ҳамда Туркия Кастамону университети тадқиқотчиси Кубра Тутмезларнинг ҳаммуаллифлигида тайёрланган «Темурийлар маданий меросининг Туркияда сақланиши ва ўрганилиши» рисоласининг тақдимоти ўтказилди.

Кенг жамоатчилик, олий ўқув юрти талабалари, музейшунослар, санъатшунослар, тарихчиларга мўлжалланган ушбу рисолада Туркия музейларида сақланаётган темурийларга оид ноёб амалий санъат намуналари, уларнинг илмий тавсифлари, расмлари, ҳамда Туркиялик олимлар томонидан нашр этилган Амир темур ва темурийларга оид китобларнинг библиографик рўйхати келтирилган.