Ҳар бир миллат ўз келажак авлодида комилликни кўришни орзу қилади. Ўзбек халқи ўз маданияти ва маънавиятида комил инсонлар тарбиясига алоҳида эътибор берган ва бундай комиллик дарғаларини етиштириш ҳар бир замонда муҳим саналган.

Инсон камолотида эса жисмоний ва маънавий гўзаллик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган 5 та ташаббуси илгари сурилган эди.

2021 йил 16 апрель куни мазкур 5 муҳим ташаббуснинг биринчи ташаббуси доирасида ёш авлодни санъатга, хусусан рангтасвирга қизиқтириш, бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейида Тасвирий санъат факультети талабалари иштирокида “Маҳорат дарси” ташкил этилди. Маҳорат дарслари Тасвирий санъат факультети Рангтасвир: дастгоҳли таълим йўналиши 3 курс талабалари Садриқулов Суннатулло Хужомқулович, Қаюмов Муҳаммадали Карим ўғли томонидан ўтилди.

Маҳорат дарсида ўқувчилар учун қизиқ бўлган мавзуларда рангтасвир асарларини қандай яратилиши, қайси ранглардан, қандай материаллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида маълумотлар берилди ҳамда ўқувчилар билан бирга қизиқарли расмлар ишланди.