Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан мазкур ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида институтга бириктирилган Миробод маҳалла фуқаролар йиғинида Маҳорат дарси ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ижодий асарлари жамланган тасвирий санъат кўргазмаси ташкил этилди.

Маҳорат дарсида институт талабалари – Мафтуна Тоштемирова, Хилола Йўлдошева, Жамола Ишмуродова, Нилуфар Ахмадалиева, Моҳичеҳра Ахмаджонова, Ҳусниддин Қувватовлар  томонидан маҳалладаги санъатга қизиқувчи ёшларга тасвирий санъат сир-асрорлари ҳақида маълумотлар берилди ҳамда биргаликда турли композициялар яратишди.

Тадбир давомида маҳалла ёшлари ўртасида мусобақалар, савол-жавоблар ташкил этилди. Ғолиб бўлган ҳамда фаол қатнашган ёшларга институт раҳбарияти томонидан совғалар тақдим этилди.

Институт Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Шароф Агабаев, Тасвирий санъат факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Обиджон Абдуллаев, Дастгоҳли рангтасвир кафедраси мудири Эшмамат Хаитовлар ҳам маҳалла  ёшлари билан мулоқот олиб боришди. Уларнинг қизиқишлари ва режалари билан танишиб керакли маслаҳатларини бериб ўтишди.