Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида ПҚ-5164-сон қарорига асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети 1-босқич талабаси Фазлиддин Анваров юксак эътироф – «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

Анваров Фазлиддин Убайдулла ўғли 2002 йил 23 январь санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2020 йилда П.П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабини имтиёзли диплом билан тамомлаб, институтнинг Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналишига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ёшлар шўбаси аъзоси бўлган ёш иқтидор эгаси ўзининг тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги истеъдодини юртимиз ва жаҳон миқёсида намоён этиб келмоқда. Жумладан, 2019 йилда бўлиб ўтган “Анъанавий Тасвирий ва Амалий санъат фестивали”да фахрли 1- ўрин ва “Олтин” медал билан тақдирланган.

Халқаро миқёсда эса турли йилларда Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Петровский Парадиз”, “Северная Венеция”, “Рождественскые звёзды”, “Высокое Мастерство” ва “Арт-Нова”, Париж шаҳрида бўлиб ўтган “PARIS,-LA VILLE DU FESTIVAL”, Афина шаҳрида бўлиб ўтган “FLY DOLPHIN”, Дания давлатида бўлиб ўтган “PEACE AND FRIENDSHIP”, Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Я ВЫБИРАЮ СВОЙ ПУТЬ”, “Радость Планеты”, “Энергия Творчество”, “Я так вижу” каби кўплаб танлов-фествалларда ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб гран пири ва фахрли ўринлар соҳибига айланган.

2019 йилда ЮНЕСКО ишлари бўйича Россия Федерацияси комиссияси ва “Мир вокруг нас ЮНЕСКО” халқаро лойиҳаси томонидан ўтказилган “Академия” номли XIV Халқаро профессионал тасвирий санъат олимпиадаси рангтасвир йўналишида 15 та ижодий иш намуналари (мойбўёқ, акварель, туш, қаламтасвир, постель, гуаш) билан қатнашди. Мазкур ишларнинг барчаси турли даражадаги 10 та номинация бўйича дипломлар билан тақдирланди ҳамда танловнинг интернет сайтида жойлаштирилди.

Шуниндек, 2020 йилнинг 16 март куни ўзининг илк “ПАРВОЗ” номли шахсий кўргазмасини ташкил қилган ва ўзининг илк ижодий каталогини нашрдан чиқарган.

— Бугун мен жуда ҳаяжондаман. Бундай юксак мукофотга сазовор бўлиш улкан қувонч бахш этди. Мукофот ижодий баркамолликка эришишим, янада катта марраларни эгаллашимда куч ва ғайрат бағишлайди. Ёшларга шундай юксак ишонч билдирилган, уларнинг истеъдод ва интилишлари доимо қўллаб-қувватланадиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. Давлатимиз раҳбарининг ушбу юксак ишончини оқлашга ваъда бераман, – деди Фазлиддин Анваров.

Фазлиддин ўзининг муаллифлик ишларида она юртга бўлган чексиз муҳаббати, фахр-ифтихор хиссини янгича бўёқларда, санъаткорона моҳирлик билан акс эттиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси номидан Фазлиддин Анваровни ушбу юксак мукофот билан муборакбод этамиз ҳамда келгусида санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган етук ижодкор бўлишини тилаб қоламиз!