Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Баҳодир Жалоловнинг “Тафаккур тантанаси” мавзусидаги ижодий кечаси ўтказилди.

Тадбир аввалида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ижодкорни ушбу ижодий кеча билан қутлар экан, ўзбек тасвирий санъатида Баҳодир Жалолов ижоди алоҳида ўрин тутишини, бу мактаб ёшлар учун жуда ҳам катта тажриба манбайи эканлигини қайд этиб ўтди.

Ижодий кеча рассомнинг шогирдлари томонидан турли йилларда яратилган ижодий ишлардан иборат  кўргазма билан бошланди.  Кўргазмада “Тафаккур тантанаси”, “Боланинг туши”, “Марионетка”, “Машраб” ва бошқа бир қанча асарлар ўрин олди.

 Шундан сўнг институт анжуманлар залида  Баҳодир Жалолов ижодига бағишлаб суратга олинган “Ҳайрат” номли ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди.

Тадбир сўнгида талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда  санъат ихлосмандлари иштирокида рассомнинг ижодий фаолияти, хусусан пандемия шароитида ижод ва бадиий жараёнлар, замонавий санъат тушунчаси ва унинг талқинлари масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.