Бугун юртимизда илм-фанни ривожлантириш, провардида эса мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш учун барча соҳалар қаторида олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июнь  куни ўтказилган олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишларида ҳам соҳадаги ўзгаришлар танқидий-таҳлилий кўздан кечирилди ҳамда олий таълим тизимининг келгуси тараққиёти учун долзарб бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти учун 2020-2021 ўқув йили яна бир муваффаққиятли йил бўлди десак, муболаға бўлмайди. Зероки, ўтган қисқа вақт оралиғида институт салмоқли ютуқларни қўлга киритди.

 Жумладан, 2021 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарор институт фаолиятини янада такомиллаштириш моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талаба-ёшларга муносиб шароитлар яратиш, педагог кадрларни қўллаб-қувватлашда муҳим асосга ҳамда институт фаолиятини ташкил этувчи муҳим мезонлардан бирига айланди.

Ўтган ўқув йилидаги муҳим воқеалардан яна бири институтнинг Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан ўтказилган аттестациядан мувафаққиятли ўтиб, Давлат аккредитацияси ҳақида сертификатни қўлга киритгани бўлди.

Шу билан бирга, Олий аттестация комиссияси раисининг тегишли қарорига асосан институт ҳузурида ташкил этилган илмий даражалар берувчи илмий Кенгашда 2020/2021 ўқув йили давомида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган 4 та диссертация иши ҳимоялари ўтказилди.

“Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aхборотномаси” илмий-амалий журнали эса айни вақтда ОАК рўйхатига олинган ва Google Scholar рўйхатига киритилди ҳамда индексацияланди.

2020/2021 ўқув йилида профессор-ўқитувчилардан
3 нафари профессор, 5 нафари  доцент илмий унвонга эга бўлган бўлса, 7 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди (шулардан 4 нафари диссертацияларини институт ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий Кенгашда ҳимоя қилган).

Айни пайтда  институт илмий салоҳияти 30.5 % га етди (маълумот учун 2019 йил март ойида бу рақам 22.2 % ни ташкил этган).

Ўз навбатида, институт талаба-ёшлари ҳам бир қанча эътиборли натижаларга эришди. Хусусан, Гулноз Жалолова Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат степендиясига, Маҳлиёҳон Умурзақова Навоий Давлат стипендиясига, Камола Ахмаджонова Ислом Каримов Давлат стипендиясига сазовор бўлган бўлса, Нилуфар Ахмадалиева «Йил талабаси-2020» Республика танловида «Йилнинг энг фаол ташаббускор талабаси» номинацияси бўйича фахрли
1-ўринни қўлга киритди.

Тасвирий санъат факультети 1-босқич талабаси Фазлиддин Анваров юксак эътироф – «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

        Бугун бўлиб ўтган институт Кенгашининг навбатдаги (2020/2021 ўқув йилидаги сўнгги) мажлисида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев юқоридаги ютуқларга тўхталишар экан, институт жамоасини мазкур муваффаққиятлар билан самимий муборакбод этиб ўтишди.

        Сўнгра 2020/2021 ўқув йили давомида ўз вазифасига масъулият билан ёндашган, ўқиш ва жамоат ишларида фаол бўлган, самарали фаолияти билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган профессор-ўқитувчилар, ишчи ходимлар ҳамда талаба-ёшларга «Йилнинг энг фаол ходими», «Ўқиш ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун», «Йилнинг энг фаол битирувчи талабаси», «Йилнинг энг фаол битирувчи магистранти», «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», «Йилнинг энг яхши ўқув адабиёти муаллифи», «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», «Йилнинг энг яхши ўқув адабиёти муаллифи», «Йилнинг энг яхши кўргазмаси”, «Йилнинг энг яхши кафедраси», «Йилнинг энг яхши факультети», «Санъатга бахшида умр», «Бадиий таълим ривожига қўшган ҳиссаси учун», “Бадиий таълим фидойиси” каби номинациялари бўйича диплом ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

        Ушбу тадбирда шунингдек, институтга бириктирилган Байналминал, Билимдон, Миробод, Дамариқ, Абдулла Қаҳҳор ҳамда Бобур маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳам самарали маънавий ҳамкорлик учун муносиб тақдирланди.

Бундан ташқари, Олий аттестация комиссияси қарори асосида Алишер Аликуловга профессорлик, Муртаза Розикбердиев ҳамда Малика Маҳмудоваларга доцентлик дипломлари ҳамда санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлган Эътибор Мирзаназарова ва Наргиза Хасановаларга фалсафа доктори (PhD) дипломлари тантанали равишда тақдим этилди.

Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, Навоий давлат стипендия, Ислом Каримов давлат стипендияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияларига институт иқтидорли талабаларидан энг муносибларини тавсия этиш, 2020 йилда институтнинг таянч докторантурасини тамомлаган Рахматуллаева Асалхон Гайратовнанинг  17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи ихтисослиги (санъатшунослик фанлари) бўйича фалсафа доктори (РhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган “Ўрта аср Шарқ миниатюрасида сюжет ва образлар бадиий талқини” мавзусидаги диссертация иши, институтнинг 3-босқич таянч докторанти Асқарова Зилола Абдумавлоновнанинг  17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи ихтисослиги (Санъатшунослик фанлари) бўйича фалсафа доктори (РhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган “Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида аёллар образи”  мавзусидаги диссертация иши муҳокамаси ва уларни кейинги босқичга тавсия этиш, институт мустақил изланувчилар институтига қабул қилинган тадқиқотчиларнинг диссертация мавзулари, илмий раҳбарлари, шахсий режалари ва дастурларини тасдиқлаш, Давлат имтиҳонлари ва баҳорги семестр бўйича рейтинг натижалари, институтнинг 2020-2021 ўқув йили якунлари бўйича ҳисоботлар,  институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув адабиётларни нашрга тавсия этиш, 2021-2022 ўқув йилига  абитуриентларни қабул қилиш масаласи каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

– Бугунги эътибордан жуда ҳам мамнунман, – дейди «Йилнинг энг фаол битирувчи талабаси» номинацияси ғолиби Ҳусан Эргашев. – Юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ва меҳнат қилиш ҳар қандай муваффақиятга асос бўлиб хизмат қилади. Институтда талабаларнинг ўқиш ва ўрганишлари ҳамда ўз истеъдодларини намоён қилишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, талабалаик давримиз ҳақиқий олтин даврга айланди.

– Бугунги кунда олий таълим муассасасида фаолият юритиш ҳавас қилса арзирли касбга айланди. – дейди «Йилнинг энг яхши ўқув адабиёти муаллифи» номинацияси ғолибаси Муниса Мухамедова. – Институтимизда ҳам профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Менинг ҳам ўқув адабиётимнинг нашр этилишида институт раҳбариятининг ҳиссаси жуда катта.  доимо қўллаб-қувватлаб барча шароитларни яратиб беришди. Бунинг учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.