I. Танлов ташкилотчиси

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

II. Танловнинг мақсад ва вазифаси

Жаҳонга янгича қараш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини сарбаланд тутган ҳолда  юзланаётган Янги Ўзбекистоннинг санъати ва маданияти ҳам тарихий анъаналар ва замонавий қарашлар уйғунлигида ўзининг янги ривожланиш босқичига чиқиб бормоқда.

Бугун миллий санъатимизда ўз фикри, услуби ва дунёқарашига эга ёш ижодкорлар авлоди шаклланмоқда.

Уларнинг ижодига назар солар экансиз, креативлик, инсон фикрининг эркин ифодаси, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бўлган тезкор муносабатга гувоҳ бўласиз.

Албатта, бу каби ўзгаришларнинг замирида санъат ва маданият ҳамда бадиий таълимга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, юртимизда юз бераётган тарихий жараёнлар турибди, десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди.

Мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши натижасида мамлакатимизда бадиий ижоднинг барча йўналишлари, айниқса, нафис санъат соҳасида ёшларга ўз билим ва иқтидорини намойиш этишлари учун зарур шароитлар яратилди.

Албатта, истеъдодли талаба ёшларнинг кашф этиш, истеъдодларини сайқалланиши ҳамда тажриба тўплашларида берилаётган сифатли бадиий таълим билан бир қаторда, турли хил ижодий кўрик танловларнинг аҳамияти беқиёс.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигида босиб ўтган ривожланиш йўлимизни сарҳисоб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилиш орқали олдимизда турган устувор вазифа Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври учун пойдевор яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг вазифаси мамлакатимиз мустақиллигининг улкан сиёсий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини инобатга олиб, истиқлол йўлининг асосий мақсад ва вазифаларини янги босқичда оғишмай, самарали давом эттириш, бу қутлуғ санани давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, халқаро майдондаги обрў-эътиборига муносиб юксак савияда, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш мақсадида амалга оширилган ишларни тасвирий ва амалий санъат, дизайн асарлари орқали очиб беришдан иборат.

Ёш авлоднинг қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган маънавий баркамол ҳамда турли ёт иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини оммалаштириш ва мустақил ижод йўлини бошлашларига кўмаклашиш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.

III. Танловни ўтказиш муддати ва жойи

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” танлови ғолиб ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими ва кўргазманинг очилиши Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрамига бағишлаб 2021 йил сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида жойлашган йирик кўргазмалар залидан бирида ўтказилади.

IV.Танлов шартлари

4.1. Танловда бакалавр ва магистратура босқичи талаба-ёшлари иштирок этишлари мумкин;

4.2. Танловга тақдим этилган ижодий ишларда қуйидаги мавзулар акс эттирилиши лозим:

– Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг ислоҳотларни ижодий ишларда тарғиб қилиш;

– мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни кенг намоён этилиши;

– бунёдкорлик ғоялари акс эттирилиши;

– тинчлик ва фаровонликни тарғиб этилиши;

– маънавий – мафкуравий ғояларни илгари сурилиши;

– илм, фан ва маърифатни юксалишини ўзида мужассам этган ғоявий мавзуларга асосланган тасвирий ва амалий санъат, дизайн асарлари орқали ёритиб берилади.

4.3. Танловга тақдим этилган асарлар тасвирий ва амалий санъат, фото ҳамда дизайннинг барча бадиий усул ва турли услубларида бўлиши мумкин, асарларнинг ҳажми ва ашёлари чегараланмаган;

4.4. Ҳар бир иштирокчи исми, шарифи, факультети ва курси, асарнинг ҳажми, номи ҳақидаги маълумотларни илова қилиши лозим;

4.5. Ижодий ишлар 2021 йил 20 августга қадар институт Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан очилган телеграм-бот канали  орқали онлайн  қабул қилинади.

V. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш тартиби

5.1. Танловга келиб тушган ижодий ишлар қуйидаги номинациялар бўйича баҳоланади:

  • “Энг яхши рангтасвир асари”;
  • “Энг яхши ҳайкалтарошлик асари”;
  • “Энг яхши графика асари”;
  • “Энг яхши миниатюра асари”;
  • “Энг яхши кулолчилик асари”;
  • “Энг яхши амалий санъат асари”;
  • “Энг яхши бадиий фото ва компьютер графикаси иши”;
  • “Энг яхши дизайн иши”;
  • “Энг яхши либос дизайни”.

5.2. Танлов учун келиб тушган ижодий ишлар Ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва ғолиблар аниқланади.

5.3. Танловда номинация бўйича ғолиблар 2 000 000 (икки миллион) сўм мукофот пули ва диплом билан, иштирокчилар сертификат билан тақдирланади.