Йиғилишни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев олиб борди. Унда Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова иштирок этди.



ZООМ платформаси орқали бўлиб ўтган мажлисда дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли буйруғига асосан Ҳабибулло Ражабов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозимига тайинлангани эълон қилиниб, у институт жамоасига таништирилди.

Ҳ.Ражабов 1979 йил Бухоро вилояти, Шофиркон туманида таваллуд топган. 2002 йил Ўзбекистон Миллий университети бакалавриатини, 2004 йил магистратурасини тамомлаган.

У сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ҳамда доцент илмий унвонига эга.

Шундан сўнг институтда илмий салоҳиятни яна ошириш, ёш илмий изланувчиларга муносиб шароитлар яратиш масалалари батафсил муҳокама қилинди ҳамда бу борада иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, институт ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий Кенгашда бугунги кунга қадар тўртта ҳимоя бўлиб ўтди ҳамда яна бир қанча ҳимояларга тайёргарликлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинди,

Бундан ташқари, институтда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, хусусан институтга бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва уларни янада ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Айни пайтда институтда янги ўқув йилига ҳам тайёргарлик олиб борилмоқда. Маълумки, кейинги ўқув йилидан бошлаб институтда биринчи босқич талабалари дунёдаги энг илғор таълим тизими бўлмиш кредит-модуль тизимига ўтмоқда. Ушбу таълим тизимига ўтиш жараёнлари, шунингдек, янги ўқув йилида таълим сифатини янада мустаҳкамлаш, илмий изланишларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида бугунги пандемия шароитида ҳамма ўз соғлиғига эътиброли бўлиши лозимлиги, шунингдек, айни пайтда коронавирусдан ҳимояланишнинг энг самарали усули бу вакцина олиш эканлиги, шунинг учун барча ўзи ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғурган ҳолда вакцина қабул қилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.