Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига Миробод туманидаги Билимдон, Миробод, Байналминал ҳамда Яккасарой туманидаги Абдулла Қаҳҳор, Бобур, Дамариқ маҳаллалари бириктирилди.

Ҳозирда мазкур маҳаллаларда турли учрашувлар, очиқ давра суҳбатлари ва маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Институтда хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик ҳамда институт хусусиятидан келиб чиқиб, кулолчилик, тасвирий санъат, либос дизайни, бадиий фото тўгараклари ташкил этилиб, уларга мазкур маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар кенг жалб этилди.

Институтда ўтказилаётган турли тадбир ва кўргазмаларда, маҳалла фаоллари ва ёшлари, нуронийлари ҳам мунтазам равишда меҳмон бўлишмоқда.

Шу билан бирга, ушбу маҳаллаларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан ҳам доимий мулоқот ўрнатилган бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топилмоқда.

Жумладан, Яккасарой тумани Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳирахон Хасанова имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, компьютер технологиялари ва санъатга меҳри бўлакча. Шу боис унга Амалий графика кафедраси профессор-ўқитувчилари компьютер технологияларидан сабоқ бериб келишмиоқда.

Бугун институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бошчилигида институт масъуллари Мохирабону Хасанованинг хонадонига ташриф буюришди. Уларга  Амалий графика кафедраси доценти, «Жасорат» медали соҳиби Жасур Жумаев ҳамроҳлик қилди.

Суҳбат аввалида Нодирбек Сайфуллаев Моҳирахонни ва унинг оила аъзоларини Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан муборакбод этди ҳамда унга ўзи қизиқиб ўқийдиган ёзувчилар асарларидан иборат китоблар жамланмасини совға сифатида тақдим этди. Институт раҳбарияти бундан кейин ҳам Моҳирахон билан доимо мулоқотда бўлишини, унинг қизиқишларидан келиб чиқиб мутахасис бириктирилишини маълум қилди.

Жасур Жумаев ҳам суҳбат асносида Моҳирахонга тушкунликка тушмаслик лозимлигини, ўзининг бошидан ўтказган воқеалар мисолида инсон меҳнат орқали ҳамма нарсага эришиши мумкинлигини таъкидлаб, ўз ижоди маҳсулини совға қилди,

Ўз навбатида, Моҳирахон ҳам совға ва эътибор учун миннатдорчилик билдирар экан, келажакда чет тили ва компьютер технологияларини мукаммал ўрганиб, талаба бўлиш мақсади эканлигини баён этди.