Йиғилишни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев олиб борди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига алоҳида тўхталиб, бу Фармон юртимизда жумладан, институтда ҳам илмий тадқиқот фаолиятини янада жонлантириш бўйича яна бир мустаҳкам асосга айланганини, унда берилган имкониятлар билан институт жамоасини яқиндан таништириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.



Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида ҳам бизнинг институтимизда янги талабалар турар жойи бунёд этиш борасида банд борлигини таъкидлаб, келгусида талабалар учун турар жой борасида янада қулай шароитлар яратилишини қайд этиб ўтди.



Бундан ташқари, йиғилиш кун тартибида янги 2021/2022 ўқув йилини бошлаш, 1-босқичга тавсия этилган абитуриентларнинг хужжатларини йиғиб олиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни «Олий таълим соҳасидаги ислохотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик» мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг «ЙЎЛ ХАРИТА»си бўйича амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 январдаги 8-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйча амалга оширилган ишлар каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.



Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.



Йиғилиш якунида бугунги пандемия шароитида ҳамма ўз соғлиғига эътиброли бўлиши лозимлиги, шунингдек, айни пайтда коронавирусдан ҳимояланишнинг энг самарали усули бу вакцина олиш эканлигини барча, айниқса, талаба-ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.