Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг Наврўз!


Наврўз – ўзининг маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона – Янги йил дебочаси. Фасллар келинчаги баҳорнинг ёқимли тафти дилларимизга ҳузур бағишлаётган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Бугун  2019 йилнинг 25 март санасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик дизайн институти ҳам Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг Наврўз!” номли байрам тадбири  кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан нишонланди.

Ушбу улуғ айём учун  кўрилган байрамона тайёргарлик ўзига хос ажиб тароват касб этди. Институт ҳудудида санъат асарлари мужассам этган кўргазма ташкил этилган ва баҳорий безаклар билан ясатилган. Ҳовлининг марказида ўрнатилган институт рамзий ҳайкали яқинида бадиий чиқишлар учун саҳна таёрланган.

Тадбир иштирокчилари карнай-сурнай садолари остида қаршиланди.

Байрамга ташриф буюрган меҳмонлар, институт ўқитувчилари ва ходимлари юз-кўзида баҳорий кайфият уфуриб, яшнатиш туйғуси жўш урарди.

Байрам тадбирини институт ректори Нодирбек Сайфуллаев табрик сўзи билан очиб берди.

Шундан сўнг, табриклаш учун сўз навбати Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нуриддиновга берилди. У барчани ушбу байрам муносабати билан самимий қутлаб, институт раҳбариятига ва ижодкорлар аҳлига келгусида улкан мувафаққиятлар тилади.

Тадбир давомида “Наврўз” муносабати билан институтнинг бадиий таълимга қўшган ҳиссаси ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир қатор профессор – ўқитувчилар ва ходимлар институт раҳбарияти томонидан тақдирланди.

  1. Тиллар ва адабиёт кафедраси катта ўқитувчиси –Дилфуза Умарова.
  2. Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси ўқитувчиси – Севара Садикова.
  3. Амалий санъат факультети декани –  Сайёра Саидова.
  4. Бадиий кулол ва меъморий ёдголикларни таъмирлаш кафедраси мудири – Комил Сиддиқов.
  5.  Театр безаги ранг тасвир кафедраси мудири – Аслиддин Ортиқов.
  6. Минниатюра ва китоб графикаси кафедраси ўқитувчиси- Нусратулла  Абдуллаев.
  7. Дизайн кафдраси мудири – Нилуфар Маннопова.
  8. Либос дизайн кафедраси ўқитувчиси – Азиза Саидиганиева.
  9. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими  бошлиғи – Хасан Қайтаров.
  10. Ўқув услубий бўлими бошлиғи – Қаҳрамон Қодиров.
  11. Институт муробийлар кенгаши раиси – Раҳмонали Хасанов.
  12. Институт ходими- Анора Райимназарова.
  13. Институт ходими- Муяссар Хусейнова.
  14. Институт ходими- Шафоат Бобоева.

Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев,  хонандалар Азиз Ражабий, Хулкар Абдуллаева, Баҳром Назаров ва яна бир қатор санъат усталари ўзларининг  дилтортар  куй наволари ҳамда дилдаги табриклари билан барча байрам қатнашчиларини ва ташриф бюрган меҳмонларни хушнуд этдилар.

Куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди. Институтнинг Дизайн факультети талаба қизлари ўзларининг миллий ва замонавий либослар коллекцияларини намойиш этиб, байрам шукуҳига алоҳида кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

Яна бир бор бугунги кун шодиёнаси – “Наврўз айёми” барчамизга муборак бўлсин!