Тошкентда Россия нуфузли университетининг филиали ташкил этилди

ЎзР Президентнинг 2019 йил 4 июндаги қарори билан Тошкент шаҳрида “МЭИ” миллий тадқиқот университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) филиали ташкил этилди.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш ва бошқалар белгиланди.

Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси – олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Филиалда таълим ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида РФнинг федерал таълим стандартларига мувофиқ рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда ҳам амалга оширилади.

Филиалнинг таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет (РФ)нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Филиалга қабул квоталари Университет, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлиги ташкилотлари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассисларга нисбатан реал эҳтиёжини инобатга олган ҳолда тасдиқланади.

Давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилари Васийлик кенгаши томонидан беш йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш учун республика энергетика тармоғи ташкилотларига тақсимланади.