Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев раҳбарлигидаги делегациянинг хизмат сафарлари давом этмоқда


Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев раҳбарлигидаги делегация бугун хизмат сафарларини давом эттириб, яна Белорусь давлат санъат академиясининг ўқув лабораториялари, ижодий устахоналар, дурадгорлик ва темир қуйма цехлари, литография, офорт, линогравюра лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сўнгра делегация аъзолари академиянинг Монументал-декоратив санъати кафедраси мудири, Белорусь Республикасида хизмат кўрсатган саъат арбоби, профессор Владимир Зинкевичнинг ижодий устахонасига ташриф буюрдилар. У ерда рассомнинг ижодий фаолияти билан танишиш асносида унинг асарлари, турли йилларда нашр этилган каталоглари ҳамда шахсий кутубхонаси делегация аъзоларини диққатини тортди. Кейинги манзил Белорусь давлат санъат галереяси бўлди. Дастлаб, Иккинчи жаҳон урушида Белоруссиянинг озод этилганини 75 йиллигига бағишлаб ташкил этилган махсус экспозиция билан танишилди. Галереянинг бошқа бўлимида Белоруссияда туғилиб, кейинчалик турли хорижий мамлакатларда ижод қилган Ванькович, Олешкевич, Рушиц, Шагал, Цадкин, Сутин, Бакст каби рассомларнинг асарларидан ташкил топган кўргазма билан танишдилар. Кўргазмага БелорусьРеспубликасига хизмат сафарига келган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ҳам Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси Донёр Абидов ҳамроҳлигида ташриф буюрди. Учрашув давомида директор Александр Зинкевич галерея фаолияти, унда намойиш қилинадиган кўргазмалар, фондда сақланаётган асарлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Кейин делегация аъзолари Белорусь Республикасининг миллий бадиий музейини бориб кўрдилар. Шунингдек, МРДИ кутубхонаси учун бадиий таълим соҳасига оид бир қанча китоблар олинди.