5 ТА МУҲИМ ТАШАББУС АМАЛДА


     Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факультети томонидан ҳам кўпгина муассасалар билан маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ишлари режалаштирилган.

Мазкур ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти   Дизайн факультетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари О.Сайидов раҳбарлигида Либос дизайни кафедраси ўқитувчилари, Г.Умарова, А.Саидиганиева ҳамда М.Мирзараҳимовалар жорий йилнинг 10-11 июль кунлари Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида жойлашган Бўстонлиқ туманидаги ”Автомобилчилар”, «Камалак», «Хумо» оромгоҳларига ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида факультет ўқитувчилари томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббуслари доирасида, ёзги таътил чоғида болалар оромгоҳларида дизайн санъати бўйича маҳорат даслари ташкил этилди. Маҳорат дарси жараёнида либосга қандай қилиб ранг бериш, заргарлик буюмларини ясаш юзасидан кўргазмали равишда болажонларга маҳорат дарслари ўтказилди. Тадбир давомида факультет декан ўринбосари О.Сайидов томонидан ёзги оромгоҳда дам олувчи ўғил-қизларга 5 та муҳим ташаббуснинг ҳар бири бўйича маълумот берилди. Қизиқарли тарзда олиб борилган маҳорат дарслари болаларнинг дизайн санъатга бўлган қизиқишларини янада орттирди.

Болалар оромгоҳларида қизғин тарзда заргарлик санъати бўйича олиб борилган маҳорат дарслари болаларда ўзгача таассурот қолдириб, машғулот сўнгида ўз самарасини берди. «Камалак» оромгоҳида ёзги таътилни мароқли ўтказаётан болалар орасида 11 ёшли Абдулбосит Ҳамидов ўз қўллари билан заргарлик намуналарини яратиб бера олди.
Абдулбоситнинг бу ижодий иши жамоа томонидан фаҳр билан оромгоҳнинг намуна бурчагига жойлаштирилди.