Оромгоҳ болаларига “интерактив” усулда инновацион маҳорат дарси ўтказилди


Барча соҳалар сингари таълим соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда ислоҳотлар жараёни қизғин давом этаётгани халқимизнинг  эртанги  ёруғ, истиқболи  она  ватанимизнинг янада тарақий этиши учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.  Президентимизнинг 5 та ташаббуси доирасида айни вақтда республикамиз миқёсида ўтказилаётган тадбирлар ўз салмоғини бермоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Дизайн факультети томонидан ташкил этилган  навбатдаги тадбири биринчи ташаббусга қаратилди.

2019 йил 23 июль куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Конструктор” оромгоҳида  Дизайн факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини О.Саидов бошчилигида Дизайн кафедраси доценти О.Қосимов, ўқитувчи Д.Соипова, 2 -курс талабаси И.Иноятовалар  томонидан  болаларга “интерактив” усулда  2 та йўналиш асосида “Замонавий дизайн” ва “Ландшафт дизайнида антураж” мавзусида инновацион маҳорат дарси олиб борилди. Йўналишлар : “Ландшафт дизайнида антураж» мавзусида табиат шаклларини чизиш,  “Замонавий дизайн”да уй жиҳозлари лойиҳасини ясашдан иборат бўлди. Оромгоҳ болаларининг ёзги таътил кунларини мароқли ташкил этишда бундай маҳорат дарсларини тез-тез ўтказиб туриш уларда дизайн санъатига бўлган қизиқишини янада орттириши билан бир қаторда, қўл ва ақлий меҳнат меҳанизмини  шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Маҳорат дарси давомида доцент Ойбек Қосимов оромгоҳда дам олувчи болаларга оддий буюмлардан дизайн элементи сифатида фойдаланиш мумкинлиги ҳамда ўқитувчи Соипова Дилноза томонидан сув бўёқ ёрдамида “Антураж” ишлаш техникаси кўрсатиб берилди.

Ўз қўллари билан  дизайн яратишга уриниб кўрган болаларда ўзига хос туйғу вужудга келди. Болалар ва оромгоҳ раҳбарлари бундай қизиқарли маҳорат дарсини мамнуният билан қабул қилиб,факультетнинг ташаббускор гуруҳига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Сўнги вақтларда  ёшларимиз келажаги йўлида амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар,  мазкур тизимдаги янгиликлар халқимизнинг  олий мақсадларини тўлақонли ифода этади.