Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2019-2020 ўқув йили бошланиши ва юртимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги, ҳамда билимлар куни муносабати билан ўтказилган тадбир


           2019 йилнинг 4 сентябр санасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2019-2020 ўқув йили  бошланиши ва юртимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги, ҳамда “Билимлар куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ушбу таълим даргоҳида талаба – ёшларга таълим бериб, уларни ҳар томонлама етук ва билимли кадрлар этиб тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган устозлар, талабалар ва институтнинг ҳурматли меҳмонлари ташриф буюрди.

            Шу кунларда  юртимизнинг ҳар бир гўшасида байрам шукуҳи кезиб юрибди.

 Бу кун диёримиздаги ҳар бир таълим муасасаси билим излаб келган талабаларга ўз эшикларини кенг очиб кутиб олишмоқда.

           Истеъдоди юксак ижодкорлар маскани ҳисобланувчи Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳам анъанавий равишда ҳар йили янги ўқув йили бошланиши аввалида, Мустақиллик байрами ва “Билимлар куни”ни катта шодиёни билан нишонлаб, навбатдаги янги 2019-2020 ўқув йили бошланишида талабаларга бағрини очмоқда.  Тадбирнинг бошланишида Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси янгради.

Мазкур тадбир дебочасини институт ректори Н.Б.Сайфуллаев табрик сўзи билан очиб берди. Мустақиллигимизнинг 28 йилллиги  шодиёнаси  ҳамда “Билимлар куни” билан барча тадбир иштирокчиларини самимий қутлади ва сўз навбатини тарих фанлари доктори, профессор Маврулов Абдуҳалил Абдулхаевичга берди.

Шундан сўнг, сўз Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, Ўзбекистон Халқ рассоми Нуриддинов Акмал Ваҳобжоновичга берилди.

У ўз сўзида муҳтарам Президентимизнинг таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлари, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шу ўринда А.В.Нуриддинов Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ёрқин истеъдоди ва ижоди, ҳалол меҳнати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун ҳукуматимизнинг нуфузли унвонлари билан мукофотланганлар орасида, институтимизда кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Йигитали Турсунназаров «Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми» фахрий унвони, “Миниатюра ва китоб графикаси” кафедраси доценти Каланов Аслиддин 
Джураевич «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланганликларини яна бир бор таъкидлаган ҳолда ушбу мукофот соҳиблари  даврага таклиф этилиб, яна бир бор муборакбод этилди. Унвон соҳиблари Й.Турсунназаров ва А.Калонов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишонч учун ўз миннатдорчиликларини билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, Ўзбекистон Халқ рассоми А.В.Нуриддинов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов томондан “1-Халқаро бахшичилик санъати фестивали”га тайёргалик кўриш ва юқори бадиий савияда ўтказишга қўшган салмоқли хиссаси учун Нодирбек Сайфуллаев “ТАШАККУРНОМА” билан тақдирланганлигини  алоҳида маълум қилиб, ушбу “ТАШАККУРНОМА”ни тантанали равишда институт ректори Н.Б.Сайфуллаевга топширди.

Юртимизда ёшларимизга яратилаётган кенг имкониятлар боис йилдан-йилга уларнинг билим олишга иштиёқи ортиб бормоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, институтда 471 нафар ўрин учун 1524 нафар абутуриент ҳужжат топшириб, улар ичидан энг иқтидорли ва билимлилари сараланиб, бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси номига муяссар бўлишди.

        Навбатдаги сўз Санк-Петербург шаҳрида ўтказилган «Северная Вениция» фестивалида қатнашиб 1-ўринни эгаллаган ва Ўзбекистон Бадиий академияси тавсияси асосида “Давлат гранти” билан талабалар сафига қабул қилинган  ТСФ 1-курс талабаси Атоева Ўғилой Аҳмад қизига берилди.

Талаба шундай қувончли  воқеадан мамнун бўлган ҳолда, муҳтарам Президентимиз  томонидан ёшларимизга яратилаётган  имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва тенгдошларига ўз сўзи ва табригини изҳор этди. Шундан сўнг у “Талабалик қасамёди”ни ўқиб эшиттирди.

         Талабаликка қабул қилинган “Давлат гранти” соҳибасига  институт ректори Н.Б.Сайфуллаев томонидан тантанали равишда институтнинг рамзий калити топширилди.

            Тадбир бошловчилари томонидан барча иштирокчилар яна бир бор байрам билан муборакбод этилди, янги ўқув йилида муваффақият ва зафар тилаб қолган ҳолда, институт профессор-ўқитувчилари ижодий ишларидан ташкил топган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон» деб номланган  кўргазманинг очилишига ва ундан сўнг талабалар «Мустақиллик дарсларига» таклиф этилди.