«Жума оқшоми»да Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов ва Фатхулла Масудов билан учрашув


Камолиддин  Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Талабалар турар жойида жорий йилнинг  13 сентябрида  юқори савияда ташкил этилган «Жума оқшоми»  маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди. Президентимизнинг илгари сурган бешта ташаббуси ижроси юзасидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида, институт раҳбарияти ҳамда  Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат  бўлими, Талабалар турар жойи тарбиячи педогоглари, Ёшлар иттифоқи Бошланғич Ташкилоти   томонидан ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов  ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Фатхулла Масудов билан учрашув доирасида  олиб борилди.  Тадбирни институт ректори Н.Б.Сайфуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Шу билан бир қаторда 2019-2020 – янги  ўқув йили билан талабаларни яна бир бор қутлаб,  улар учун ҳафтанинг ҳар жума кунида турли доирада ўтказилиб бориладиган маънавий-маърифий тадбирларга старт берди.

Сўз навбати Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовга берилди. Устоз-санъаткор  ўз сўзида талабаларни янги ўқув йили муносабати билан самимий қутлаб, “Тилайман сизга” номли шеърий мисралари билан давом этди.  Шундан сўнг, сўз навбатини Ўзбекистон халқ артисти    Фатхулла Масудовга берди.  “Бугун муборак жума кунида, ажойиб учрашув муносабати билан келажагимиз ёшлари, чинаккам истеъдод, юксак қобилият эгалари билан дийдор кўришиб турганимдан бағоят хурсандман”  – дея,  сўз бошлади Фатхулла Масудов. У  Ўзбекистон театр санъати, саҳна санъати  орқали  талабаларга ўзи ва ижоди ҳақида қисман сўзлаб берди. Тадбир давомида санъаткорлар савол билан юзланган ҳар бир профессор-ўқитувчиларга ва талабаларга  етарлича жавоб берди.

Шу ўринда Санъатшунослик факультети декани Б.Сангиров актёр Ф.Масудовдан “Тойчоқ” видеофильмидаги Ботиршер роли ижроси ҳақида сўзлаб беришини сўради. Ф.Масудов “Тойчоқ” видеофильмидаги Ботиршер образи ҳақида тўхталиб, бу видеофильмнинг яралиши жараёни, кейинчалик эса  мукофот даражасига олиб чиқиш таклифлари бўлганлиги ҳақида сўзлади ва фильмнинг бир отривкасидаги ҳолатни ифодалаб берди.

Талабаларнинг ҳохишига биноан, актёр Ф.Масудов томонидан “Мирзо Улуғбек” спектаклидан Улуғбек монологи ўқиб эшиттирилди.

Қизғин давом этган мазкур учрашувда актёрларимиз ўзларининг саҳна оламидаги кечинмалари, саҳна ҳаёти билан шахсий ҳаёти ўртасида боғлиқлик ва фарқни қизиқарли тарзда  ифодалаб берди. Шуннгдек, ёшларни китобхонлика бўлган қизиқишларини  янада орттириш мақсадида, китоб мутолаа  қилган кишининг маънавияти қанчалар юксалиши ҳақида сўзлади. Китобхонликка мурожаат қилиш орқали ғазалхонликка тўхталиб икки мисра ғазални ифодалаб берди.

Ўзбекистон театр арбоблари раиси Ё.Аҳмедов театр саҳнасида салбий ва ижобий образлар талқинида ўзининг ижодий маҳсуллари билан  ўртоқлашди, ўзи ўйнаган салбий қаҳрамонлар образини санаб ўтди  ва бундай  қаҳрамон образини яратишда актёрдан қанчалик машаққат талаб этилиши ҳақида гапириб берди  У ўзининг “Али бобо қирқ қароқчи”, “Чархпалак”, “Омон бўлгин, азизим” асарлари учун ўйнаган ролларини тўлқинланиб ёдга олди.  Устоз-санъаткор Ё. Аҳмедов институтнинг Хотин-қизлар кенгаши раиси О.Отажонова  саволига жавобан, Шукур Бурхонов ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб берди.  “Омон бўлгин, азизим” спектаклидаги роли Ё.Аҳмедовнинг энг севимли роли эканлигини алоҳида таъкидлаб,  шу орқали ўзидаги кечинмаларини  таърифлаб берди. Ф.Маъсудов ҳам шу жараёнлар билан ҳамфикр бўлди.

Тадбир якунида Ўзбек Миллий театрининг фахри, ғурури, ифтихори саналган Ўзбекистон халқ  артистлари Ёқуб Аҳмедов, Фатхулла Масудовга  институт ректори Н.Б.Сайфуллаев эсдалик  совғаларини топширди ва талабалар томонидан олқишланди. Санъаткорлар  Талабалар турар жойида ташкил этилган тадбирда  шахсан ректорнинг ўзи иштирок этиб турганлиги,  ушбу самимий учрашувда ҳурмат билан таклиф этилган давранинг азиз меҳмонлари сифатида кўрсатилган эҳтиром учун санъаткорлар томонидан институт ректори Н.Б.Сайфуллаевга ва институт жамоасига чуқур миннатдорчилик билдирилди.