“Ўзбекистонда замонавий бадиий таълим: анъана ва хорижий тажрибалар” мавзусида очиқ маърузаси


Замонавий бадиий жараёнларда кечаётган ўзгаришларни кузатиб бориш ва тегишли хулосалар чиқариш ижодкорлар ва санъатшунос олимларни ўзаро ҳамкорлик қилиши кераклигини тақозо этади. Зеро, глобаллашув шароитида миллий маданиятни сақлашга ҳаракат бадиий жараёнларда кечаётган ўзгаришларни четлаб ўтиш дегани эмас. Шу мақсадда жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Рустам Худойберганов иштирокида “Ўзбекистонда замонавий бадиий таълим: анъана ва хорижий тажрибалар” мавзусида очиқ маъруза ўтказилди.


Маърузада Ўзбекистонда бадиий таълимнинг шаклланиши, ривожланиши, ўзбек рангтасвир санъатида устоз-шогирд анъаналарининг роли, шунингдек, хорижий давлатларда бадиий таълимнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида профессор-ўқитувчилар ва талабаларга маълумотлар берилди. Жумладан, тадбирда Рустам Худойберганов жорий йилнинг август ойида Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида ўтказилган VIII – Халқаро биенналлеси, биенналле доирасида ўтказилган кўргазмалар, маҳорат дарслари асосида жаҳон бадиий жараёнларида кузатилаётган тенденциялар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Учрашувда Рустам Худойберганов нафақат ижоди, балки бадиий таълимдаги фаолияти давомида орттирган тажрибалари ҳақида ёш профессор-ўқитувчилар ва талабаларга сўзлаб берди. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тадбирда Санъатшунослик факультети декани Б.Сангиров, Санъатшунослик факультети Мураббийлар кенгаши раиси Д.Жуманиёзова, Ўқув ишлари бўйича декан муовини Л.Жабборова, гуруҳ мураббийлари ва талабалар иштирок этишди.