Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Акмал Нуриддинов билан ўтказилган “Кўнгил мусаввири” деб номланган ижодий учрашув


2019 йил 11 октябрь куни Бадиий ижодкорлар уюшмаси анжуманлар залида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, ёш санъатшунослар, рассомлар, тадқиқотчиларда тасвирий санъатдаги замонавий жараёнлар ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш мақсадида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Акмал Нуриддинов билан “Кўнгил мусаввири” деб номланган ижодий учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашувни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев кириш сўзи билан очиб бергандан сўнг, “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” мутахассислиги 1-курс магистранти Сиддиқова Ширинхоннинг “Акмал Нур ижодида муҳаббат мавзуси” номли тақдимот-маърузаси тингланди.

Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Акмал Нуриддинов ижоди билан яқиндан танишиш, рассом ижодининг асосий босқичлари, фаолиятидаги асосий хусусиятлар, услубий ўзгаришларни таҳлил этиш, ёш санъатшунослар ва рассомлар, тадқиқотчиларда замонавий жараёнлар ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш мақсадида ташкил этилган мазкур ижодий учрашувда Санъатшунослик факультети “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси, “Музейшунослик” кафедраси профессор-ўқитувчилари, ёш санъатшунослар, рассомлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистрлар ва санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари битирувчи курс талабалари иштирок этишди.

Тадбир очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, тадбир давомида институт профессор-ўқитувчилари, ёш санъатшунослар, рассомлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистрлар ва санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари битирувчи курс талабалари томонидан Акмал Нуридиновнинг нафақат Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси, балки Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида самарали фаолият кўрсатиб келаётган ижодкор, ушбу соҳада ҳам ижодий, ҳам ҳаётий тажрибага эга етук рассом сифатида ўз ўрнига эга эканлиги ҳақида фикр мулоҳазалар билдирилди. Шуни қайд этиш лозимки, рассом ижодидаги ўзига хос услуб, мавзу, рамзий белгилар семантикаси ва ранглар гаммаси санъатшунос мутахассисларда катта қизиқиш уйғотган ва кўплаб илмий мақолалар, тадқиқотлар учун объект бўлиб хизмат қилган.

Бугунги учрашувни номлашда ҳам рассом ижодидаги айнан шу жиҳатларга эътибор берилди. Зеро, рассом ижодида шеърият, миллий мумтоз мусиқа, халқ маданий мероси такрорланмас ранглар жилосида жилваланади.