Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Либос дизайни” кафедрасига Эразмус+ дастуридаги лойиҳага биноан Бирмингем Университетидаги Мода ва газламалар дизайни мактабининг профессор-ўқитувчилари ташриф буюришган.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Либос дизайни” кафедрасига Эразмус+ дастуридаги лойиҳага биноан Бирмингем Университетидаги Мода ва газламалар дизайни мактабининг профессор-ўқитувчилари, ҳусусан, Марлен Джой Литтл – доцент, директор ўринбосари, Клэр Луиза Ричи – катта ўқитувчи, Мода, брендинг ва коммуникация курсининг директори, Наталья Рожина – магистратура ўқитувчиси, Луиза Джейн Мартин – ўқитувчи, базавий (бошланғич) курснинг директори ташриф буюришган.

Мазкур ташриф доирасида 2019 йил 4-8 ноябрь кунлари турли маъруза ва тақдимотлар, маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ундан ташқари кафедра профессор-ўқитувчилари билан илмий, услубий ва ижодий ишлар бўйича хамкорлик қилиш ҳам режалаштирилган. Мазкур лойиҳада иштирок этиш учун 2- ва 3-курс академик гуруҳларидаги инглиз тилида сўзлаша оладиган ҳамда ўз ижодий ишларининг ёрқинлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб турувчи 30 нафар талаба танлаб олинди.

Ташрифнинг 1-кунида, Бирмингем университетидан меҳмон бўлиб келган жамоа Англиядаги дизайн йўналиши бўйича бадиий таълимнинг  ўзига хослиги, ўқув режалари ва дастурларнинг таркиби, ўқув ҳамда илмий-ижодий жараённинг ташкил этилиш ҳақида тақдимот қилишди. Муҳокама ва қисқа танаффусдан сўнг эса 2018-2019 ўқув йили битирувчиларининг диплом ишларини акс эттирувчи фильм намойиш этилди. Бу мода дефилеси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Дизайн (либос ва газламалар) ихтисослиги талабаларида  катта таассурот қолдирди. Фильм ва диплом ишлари ҳақида етарлича маълумот олган талабаларга кейинги кунларда бажариладиган ишлар учун топшириқлар берилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида аввал хорижий талабаларнинг ижодий изланишларини акс эттирувчи эскиз ва лойиҳалар намойиш этилди. Сўнг Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари жамоаси 4 гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга Бирмингемнинг Мода ва газламалар дизайни мактаби ўқитувчилари бириктирилди. Ундан ташқари ҳар бир гуруҳга “Либос дизайни” кафедраси ўқитувчиларидан В.Чурсина, А.Сайдиганиева, Р.Киргизбаева, С.Юнусходжаева, Г.Умарова, З.Юнусалиева, С.Каримова, Ф.Атахановалар ҳам киритилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг ижодий ишлари, эскиз ва портфолиолари тақдим қилингандан сўнг, гуруҳ иштирокчилари уларни ўзига хос тарзда таҳлил этишди.

Қизиқарли ўтган муҳокамадан кейин учинчи кун топшириқлари олинди.