КОРРУПЦИЯ – ТАРҚҚИЁТГА ТЎСИҚ БЎЛАДИГАН ИЛЛАТДИРН

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилинган эди. Унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш олий таълим муассасасиларининг  зиммасига катта масъулият юклайди.

 Коррупцияга қарши курашиш бутун дунёда глобал аҳамиятга эга муаммолардан биридир. Биз коррупциянинг қанчалик жиддий иллат эканлигини олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар онгига сингдирмоғимиз зарур. Чунки айнан улар бизнинг келажагимиздир.

“Коррупция” деганда нимани тушунамиз, у ўзи нима? Юридик энциклопедияда: “Коррупция – мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият ваколатларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият” сифатида ифода этилган.

Мазкур иллат мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига путур етказади, демократик институтларни заифлаштиради, ижтимоий тартибни бузади. Коррупцияни олдини олишнинг асосий йўлларидан бири, шубҳасиз, аҳолининг, давлат ва жамоат ташкилоти вакилларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади.

Бунга қарши барча биргаликда курашсагина, муайян натижага эришиш мумкин. Шундай экан, бу борада барчамиз фаол бўлишимиз, биргаликда курашишимиз зарур. Олий таълим муассасаларида порахўрликка, таъмагирликка йўл қўймаслик, талабалар билимини шаффофлик асосида баҳолаш давр талабидир

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан санъат ва маданиятга ихтисослашган олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар фақат ижодий фанлардангина имтиҳон топширишлари белгиланган. Шунинг ўзиёқ бу соҳа қанчалик эътиборда эканлигини англатади. Лекин, айримлар бу стратегияни коррупциянинг янада гуллаб яшнаши учун йўл очади деб тушунади. Бу мутлақо нотўғри қараш. Санъат ва ижод соҳаси коррупцияни умуман қабул қила олмайди. Чунки истеъдоди бўлмаган инсон санъатда ҳеч қачон ўз ўрнини топа олмайди. Бу жуда жиддий масала.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига раҳбар этиб тайинланган илк кунимданоқ ушбу масъулиятни чуқур ҳис этганман. Шунинг учун, институт миқёсида коррупцияга қарши курашни асосий мақсадлардан бири қилиб олдик. Aйниқса, қабул жараёнлари шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида жамоамиз билан биргаликда барча имкониятимизни ишга солдик. Чунки биз абитуриентларни бир кунда ўтадиган тест натижалари асосида эмас, балки бир неча кунлик ижодий синовлар натижасига қараб талабаликка тавсия этамиз. Бунинг учун биз ишни, аввало, Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишган ҳолда, ижодий имтиҳонларни институтимизда фаолият юритмайдиган ижодкорлар (таниқли рассомлар, кулоллар, ҳайкалтарошлар, дизайнерлар ва санъатшунослар) томонидан баҳоланишидан бошладик. Институтимизда фаолият олиб бораётган педагог кадрларни камситмаган ҳолда, шуни таъкидлаш керакки, бу нарса ижодий ишларни холис ва адолатли баҳоланишига замин яратди.

Ижодий имтихонлар жараёнида ўқув аудиторияларда абитуриентлар учун барча шарт-шароитларлар яратилди, жумладан: имтихон жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча аудиторияларда кузатув камералари ўрнатилди. Институт ҳовлисида ота-оналар томонидан бевосита имтихон жараёнларини кузатиб туриш имконияти тўлиқ  яратилди. Аудиторияларда имтихон жараёнини назорат қилиш учун Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги санъат мактабларидан ўқитувчилар жалб қилинди.

Ижодий имтихонлар бўлиб ўтган аудиторияларда предмет комисияси раислари, аъзолари, институт қабул комиссияси аъзолари ҳамда кўнгилли ота-оналардан тузилган вакиллар билан биргаликда ижодий имтихонлар якунида амалий ишлар санаб чиқилди, хоналар қулфланган ҳолда муҳрланиб, далолатномалар тузилди ва айнан улар гувоҳлигида муҳрланган хоналар очилди, муҳрлар бузилмаганлиги ҳамда ишларнинг тўлиқ сақланганлигига ишонч ҳосил қилинди.

Ижодий имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли тарзда ўтганлигидан, нафақат ота-оналар, балки институтда фаолият юритаётган педагоглар ҳам мамнун бўлишди. Негаки, улар бу йил институтга қабул қилинган талабалар мисолида ҳақиқий истеъдодларни кўришди.

 Шунингдек, институт миқёсида “Aдолат қутиси”ни ташкил этганмиз. Унда ҳар бир талаба ёки ходим институтда бўлаётган ҳар қандай ғайриқонуний ҳолат юзасидан мурожаат қилиши мумкин. Биз ҳар қандай мурожаатни ўрганиб чиқамиз ва бу мурожаат юзасидан тегишлича қарор чиқарамиз.

Бундан ташқари ушбу масала юзасидан талабалар билан ҳам алоҳида суҳбатлар уюштирилиб, коррупцияга алоқадор ҳар қандай вазият юзасидан мурожаат этишлари мумкинлиги таъкидланмоқда.

 Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий таълим тизимида коррурцияга қарши курашишга бағишлаб ўтказилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ҳаммамиз учун яна бир бор огоҳликка чорлов бўлди. Биз ҳам қилаётган ишларимизни яна бир бор танқидий кўздан кечириб чиқдик ҳамда институт миқёсида коррупцияга қарши кураш механизмини кучайтириш чораларини кўряпмиз.

 Ижодкор бўлиш учун тоза қалб керак. Биз ана шу тоза қалбли ижодкорларни коррупция деган тубан тушунчалардан йироқ тутишимиз зарур.

Маълумки, институтимиз профессор-ўқитувчиларининг аксаряти педагогик фаолият билан бир қаторда ижодий фаолият ҳам олиб боради. Улар яратган асарлар нафақат мамлакатимизда, балки хориждаги нуфузли кўргазма залларида ҳам намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галерияларда сақланмоқда. Юксак истеъдод соҳиблари, яъни устоз рассом, кулол, ҳайкалтарош, санъатшунос ҳамда бошқа ижодкорлар фаолият юритаётган ушбу масканда коррупция балоси учрамаслигига ишончимиз комил.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб    қолмоқда.   Муҳтарам Президентимиз  таъбирлари  билан  айтганда: “… коррупция деган бало, яъни порахўрлик, таъмагирлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби иллатлар учраб тураётганини инкор этиб бўлмайди. Қонунга зид бўлган бундай хунук холатлар билан муроса қилишга чек қўйишнинг вақти келди”!

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори

Нодирбек  Сайфуллаев