“Санъатда глобализм ва миллий ўзига хослик” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. топширилди.

“Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент Халқаро амалий санъат  Биеналисининг тўртинчи кунги дастурлари доирасида “Санъатда глобализм ва миллий ўзига хослик” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференцияни кириш сўзи билан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, шунингдек  Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаевлар очиб бердилар.

Шундан сўнг конференциянинг илмий-амалий қисми бошланди. Конференция икки қисмдан иборат бўлди. I сессия “Шаҳар, муҳит, санъат” деб номланиб, унга Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов модераторлик қилди. Биринчи қисмда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Тошкент Архитектура ва қурилиш институти профессори Марина Бородина “Муаллифлик тажрибасига асосланган замонавий муҳитни мажозий ташкил этиш” номли маърузаси билан, JCDecaux UZ компаниясининг бош директори Анвар Юлдашев “Ўзбекистон шаҳарлари муҳитидаги реклама: муаммолар ва перспективалар” номли маърузаси билан ҳамда БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими, архитектор-дизайнер Элмира Галиева “Олмалиқ шаҳри мисолида саноат индустриал муаммоларининг ижодий ечими”  мавзусидаги маърузаси билан иштирок этдилар.  II сессия “Замонавий муҳитда амалий санъат” деб номланиб Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова модераторлик қилди. II сессияда Қозоғистон педагогика фанлари академияси академиги, педагогика фанлари доктори Садыбек Байсенбаев “Амалий-безак санъатида умуминсоний ва миллий маданиятларнинг этнографик фарқловчи симбиози” номли маърузаси билан, Озорбайжон Бадиий академиясининг рассомчилик кафедраси дотценти, Озорбайжонда хизмат кўрсатган рассом Инна Костина “ Қалағай ипак қанотлар” мавзусидаги маърузаси билан, Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов “Жиҳиз – Қашқадарё арабларининг ноёб гиламлари” номли маърузаси билан, Цинциннати университети профессори Тегюн Юн “Ўрнатилган ғояларга зид” номли маърузаси билан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти илмий ишлар ва инноватциялар бўйича проректори, Санъатшунослик фанлари доктори Сурайё Алиева “Бугунги ўзбек кулолчилиги: турлари, мактаблари, усталари” номли маърузаси билан ҳамда Ислом Озод университети докторанти Саид Хосрави “Загрос курдлари ва санъат” ( ҳунармандчилик ва мусиқа) номли маърузаси билан иштирок этдилар.

         “Санъатда глобализм ва миллий ўзига хослик” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференциясида бугунги кун санъатининг муаммолари ва ютуқлари, миллий ва умуминсоний жиҳатларига алоҳида урғу берилди. Конференция фақат Ўзбекистон санъати учун эмас, балки жаҳон санъати учун ҳам муҳим илмий янгилик ва фикрларга бой бўлди. Унда иштирок этган маърузачилар ўз миллий санъатлари ҳамда жаҳон санъатини қиёслаб ҳақиқий глобал санъатнинг бугунги кундаги ютуқ ва муаммоларини кўрсатиб бердилар.

         Конференция сўнгида барча маърузачиларга ташкилотчилар томонидан махсус сертификатлар топширилди.