Ўзбекистон Халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори Гафур Кадировнинг “Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари “ мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Иқтидорли ёшларига соҳа бўйича етакчи мутахассисларнинг ижодий маслаҳатлари ва маҳорат дарсларини ташкил қилиш ҳамда ўқитиш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар дастури доирасида бугун Ўзбекистон Халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори Гафур Кадировнинг “Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари “ мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди. Мазкур маҳорат дарсида рассом Кўҳна Урганч шаҳринининг бугунги кунда сақланиб қолган обидаларини тасвирлади. Дастлаб Гафур Кадиров талабаларга Кўҳна Урганч шаҳрининг географик ўрни, тарихи ва бугунги кундаги ҳолати ҳақида батафсил маълумот берди. Кўҳна Урганч XIII– XIV асрларда Хоразм давлатининг пойтахти бўлиб, Хоразм ва Мовароуннаҳрда энг катта шаҳарлардан бири эди. Aсл номи Гурганж. ХI – ХII асрларда бу ерда маданият ва санъат равнақ топди. Ўша даврда шаҳар мустаҳкам қалъа деворлари билан ўраб олинди.

Шундан сўнг рассом бевосита шаҳарни бугунги манзарасини тасвирлашга киришди. Бу жараёнда рассом талабаларга қадимий шаҳарни тасвирлаш борасида ўз тавсияларини ҳам бериб ўтди. Шунингдек, рассом аниқ тасаввурга эга бўлмаган ҳолда шаҳарни тасвирлашдан аввал унинг макетини ясаш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади. Бунда шаҳарда жойлашган бинолар аниқ тасвирланади ҳамда рассомнинг диққатини жамлашига ёрдам беради. Шундан сўнг рассомнинг хаёлида шаҳар макети пайдо бўлади.

         Талабалар ушбу маҳорат дарсида рангтасвир сабоқларини олиш билан бирга қадимий шаҳарларни тасвирлашда қандай ҳолатлар инобатга олиниши, ишни нимани тасвирлашдан бошлаш ҳамда қайси ранглардан фойдаланиш лозимлиги ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар. Бу эса бўлажак рассомларга юртимизнинг қадимий шаҳарларини тасвирлаш ва тарихий картиналар яратишда асқотиши шубҳасиз.