САНЪАТНИНГ МЎЪЖИЗАВИЙ КУЧИ

Ўзбекистон
Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн
институти ҳамкорлигида 3 декабр Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб Камолиддин
Беҳзод номидаги шарқ миниатюра санъати музейида ёш истеъдодли рассомлар Камолиддин
Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тасвирий санъат факултети
3 босқич талабаси Ражабов Худойшукур ҳамда  Қўқон Давлат Педагогика Университети, Тасвирий
санъат факултети 4 босқич талабаси Қодиров Лутфуллонинг  “Санъатнинг мўъжизавий кучи” номли шахсий кўргазмаси
ташкил этилди.

Исдеъдод мўъжизалар
яратишга қодир. Инсоннинг руҳий иродаси чиниққан бўлса, жисмоний
имкониятларнинг чегараланган бўлиши унга орзуларини амалга оширишга тўсиқ бўла
олмайди. Муҳими инсон ўзини ва ўз орзуларини тўғри англаб унга интилиши зарур.
Кучли руҳий иродага эга
ижодкорлар бугун жисмоний имкониятларидан қатъий назар баланд марраларга
интилиб яшамоқдалар. Aна
шундай истеъдод эгалари бўлган Ражабов Худойшукур ҳамда Қодиров Лутфулло бугун
ўз орзулари сари дадил қадам ташлаб бормоқда.

         Ёш истеъдод соҳиблари кўпчилик рассомлардан фарқли
ўлароқ жисмоний имкониятининг чекланганлиги туфайли ўз асарларини оёқда
яратади. Лекин уларнинг
асарларига назар ташлар экансиз,
буни бирон жойда ҳис қилмайсиз. Чунки улар асарларини,аввало, юрагида чизади. Шунинг учун ҳам бу кўргазманинг
номи “САНЪАТНИНГ МЎЪЖИЗАВИЙ
КУЧИ”.
Бу кўргазмада намойиш этилаётган
асарлар инсоннинг туйғулари ва табиатнинг кўркамлигини ўзида жамлаган яхлит бир
образни шакллантирган.

         Кўргазмада сўзга чиққанлар бугун
матонат, ирода ва тинимсиз меҳнат яширинган ушбу кўргазма ҳақиқий байрам
эканлигига урғу берди. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Aкмал Нуриддинов бу истеъдод эгалари
емас, аслида бор имкониятдан фойдаланмай вақтини бекорчи нарсага
сарфлаётганларни имконияти чекланганлиги, улар ҳақиқий имкониятидан фойдалана
олмаётганларини таъкидлаб, бу рассомларнинг имконияти ҳали бундан ҳам кўп
ишларга етишини айтиб ўтди.

         Шундан сўнг сўзга ёш рассомлар Ражабов Худойшукур ҳамда Қодиров Лутфулло чиқди ҳамда
бугунги кўргазмани ташкиллаштиришга яқиндан ёрдам берган ташкилотчиларга, айниқса, институт
раҳбариятига, шунингдек устозлари ва яқинларига миннатдорчилик билдирди.
Бугунги кунда юртимизда ёшларга етарлича
шароитлар яратиб берилаётгани, айниқса, имконияти
чекланганлар алоҳида эътиборда
эканини
таъкидладилар.

         Ўз навбатида Ўзбекистон Бадиий академияси
ҳамда институт
раҳбарияти ҳам истеъдодли рассомларларга янада шижоат билан ижод қилиб, бунданда юксак
марраларга эришишини
тилаб, диплом ва эсдалик
совғаларини топширди.

         Кўргазмага
қўйилган асарларни томоша қилар экансиз, бу асарлар ҳар бир нуқта, ҳар бир
деталигача аниқлик ва нафислик билан чизилганига гувоҳ бўласиз. Худойшукур
асосан инсоний қиёфалар, уларнинг дарди кечинмаларини ифодалашга интилган
бўлса, Лутфулло кўпроқ табиат манзаларини, фасллар, мусаффо осмонни тасвирлашга
урғу берган. Лекин иккала ижодкор ҳам тушкунликни эмас, балки ҳақиқий бахтни,
мўжизани тасвирлаган. Бу эса барчамизга ибрат бўлишга арзийди. Сўзимиз сўнгида
биз ҳам матонатни, матонат сўзидан ошириб талқин эта олган ушбу икки енгилмас
ижодкорларнинг келгуси ижодларига муваффаққиятлар тилаб қоламиз.

         Кўргазма
5 декабргача давом этади. Барчани ушбу матонат ва ироданинг ёрқин ғалабасини
томоша қилишга чорлаб қоламиз.