Ўзбекистон санъат арбоби Шухрат Абдумаликов устахонасига ташриф

Театр – тарбия маскани. Адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъатнинг гўзал ҳамоҳанглиги инсонни руҳан тарбиялайди, ҳиссиётларнинг энг нозик қирраларини тебратади. Театр санъати синтез санъат бўлганлигидан у ҳақида ҳамманинг ўз фикри бўлади. Замонавий ўзбек театр санъати ҳақида бундан ўн йиллар олдин бот-бот билдирилган танқидий фикрларни бугун кўрмаймиз. Бу ҳолатни ижобий баҳолаш керакми ёки салбийми? Театр санъати санъатшуносларнинг нигоҳидан четда қолдими ёки театр санъатидаги муаммолар ўз ечимини топдими? Институт Ёш олимлар ва ижодкорлар кенгаши ташаббуси, Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш сектори режаси ҳамда Тасвирий санъат тарихи назарияси кафедраси катта ўқитувчиси Фарида Максумова ҳамроҳлигида умуман театр санъатидаги ижодий жараёнлар, сценография санъати ҳақида суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш мақсадида бир гуруҳ ёш санъатшунослар Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликов устахонасига ташриф буюришди.

Мўъжаз устахонада   талабалар, аввало, бугунги ўзбек театри талаблари ҳақида маълумотга эга бўлишди. Негаки театрнинг кўп минг йиллик тарихи ўз йўлига, аммо замонавий театр қандай яшаяпти, нима билан нафас оляпти санъатшунослик илми учун соҳадаги муҳим тенденция нималардан иборат? Шуҳрат Абдумаликов билан суҳбат айнан шу масалалар юзасидан бўлди. Тан олиш керакки, бугун театримиз саҳналарида намойиш этилаётган саҳна асарлари орасида театр тарихида из қолдира оладиган спектакллар жуда кўп эмас. Буни кўпчилик театр мутахассислари драматургия, режиссура каби соҳаларнинг оқсоқлиги билан тушунтиришга уринади. Кўп жиҳатдан улар ҳақ дейиш мумкин. Лекин бу икки соҳа асосий ўрин тутгани ҳолда, театр юқорида таъкидлаганимиздек уйғунлик асосида мавжуддир. Шундай экан театрда кўзга ташланаётган камчиликларда бошқа соҳалар, хусусан, театр рассомлари, декорация усталарининг ҳам айби борми ёки бу соҳалар спектакл ҳақида умумий хулоса чиқарилаётганда аҳамият касб этмайдими? Бугунги устахонага ташрифда айнан мана шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қилинди. Талабалар айтиш мумкинки, бугунги театр унинг муаммолари, аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлари ҳақида янгича қарашларга эга бўлишди.

Институт Ёш олимлар ва ижодкорлар кенгаши