Бугун Kамолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети 1-босқич талабалари Мутахассислик фанларидан якуний назорат кўрикларини ўтказишмоқда

Бугун Kамолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети 1-босқич талабалари учун ҳақиқий синов бўлиб ўтмоқда десак муболаға бўлмайди. Чунки улар бугун биринчи бор Мутахассислик фанларидан якуний назорат кўрикларини ўтказишмоқда. Бу улар учун ҳаваскорликдан профессионалликка ўтишдаги биринчи синов десак янглишмаймиз.

         Бу кўриклар ҳам Ўзбекистон Халқ Рассоми, “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори Aкмалжон Икромжонов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Кўрикдаги ишларга назар ташлар экансиз, айрим ёш ижодкорларда ижодий тўлқинга гувоҳ бўласиз, айримлари эса ноодатий ёндошувлари билан фарқланади. Яна бир гуруҳ ижодкор-талабаларда ижодий мустақилликка интилишини кўришимиз мумкин. Бу са ўз ўрнида ижодкор учун муҳим фазилатлар саналади.

         Ҳакамлар ҳам айнан мана шу жиҳатларга урғу бериб, бу йилги қабул қилинган талабаларнинг аксарияти ҳақиқий ижодкор бўлиш истагида келганликларини таъкидладилар. Бу шундан далолатки, қабул жараёнларига тўғри ёндашув орқали биз бутун бир санъатга хизмат қилишимиз мумкин экан. Чунки санъатга қадам қўяётган ижодкорнинг биринчи синови адолатли бўлса, у келажакда ҳақиқий ижодкор бўлиб, бу ижобий энергияни яратган асарлари орқали бутун санъат ихлосмандларига ўтказади. Бу занжирнинг боши эса юқорида таъкидлаганимиздек, қабул жараёнларидан бошланади.

         Мазкур кўрикларга меҳмон сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон Бадиий академияси Aкадемиги, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Aкмал Нуридинов ҳам бу жараёнга алоҳида урғу бериб, бу йилги 1-босқич талабаларидан кўп нарса кутаётганини айтиб ўтди.

         Шу билан бирга бу талабаларга ижод сабоқларини бераётган устозлари ҳам уларга дарс ўтиш ўзлари учун ҳам жуда қизиқарли эканлигини айтиб ўтишди. Чунки бу талабалар билан сайқалланмаган олмос каби муносабатда бўлиш талаб этилади.