ЖАМИЯТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли барча жабҳаларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда, халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда. Жамиятимизда янгича қадрият ва анъаналар шаклланмоқда.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ана шундай янгилик бўлган давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси  илк бор 2017 йил 22 декабрда ўтказилган эди. 2018 йилнинг 28 декабрида эса иккинчи Мурожаатнома тақдим этилди. 2020 йил 24 январда Президентнинг Олий Мажлисга учинчи маротаба мурожаати бўлиб ўтди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари юртимиздаги барча соҳаларни қамраб олган муҳим тарихий ҳужжатга айланди десак, муболаға бўлмайди. Мазкур Мурожаатномада янграган фикрлар, ташаббуслар барчамиз учун улкан аҳамиятга эга бўлган дастурамалга айланди.

Мурожаатномада бир қатор тарихий аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилишдаги кириш имтихонларини соддалаштириш, давлат грантларини икки бараварга кўпайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча аъзоларини “ҳалоллик вакцинацияси” билан эмлаш, камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш каби таклиф ва ташаббуслар барчаюртдошларимизнинг юрагигача етиб бордиҳамда хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланди.

Мурожаатномадан ўрин олган таълим тизимидаги муҳим масала – бу мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини келгусида 50-60 фоизга етказиш таклифи бўлди.

Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларни эгаллашимиз зарур ва шарт ҳисобланади. Долзарб масала бўлиб турган рақамли иқтисодиётни юқори  даражада тараққий топган илф-фан ютуқлари орқали жорий этиш ва ривожлантириш мумкин. Бунда олий таълим тизимига ҳам муҳим талаблар қўйилиб, илғор технологияларни қўллай оладиган ходимларни тайёрлаш, таълим тизимини рақамлаштириш вазифалари қўйилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасамизда халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологияларини жорий этиш, жумладан хужжатлар юритилиши, таълим бериш жараёнини электронлаштириш, рақамли кутубхоналар ташкил этиш мақсадлари қўйилади.

2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Шундан келиб чиқиб, институтимизда алломанинг сиймоси акс этган тасвирий санъат намуналарини, унинг асарлари мазмунига бағишланган иллюстрациялар яратиш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.

Шунингдек, жамиятимизда бўлган муаммолар, хусусан, амалдаги прописка тизими узоқ йиллар давомида аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги, жамият тараққиётига ғов бўлаётган коррупция иллатининг анча илдиз отганлиги каби нохуш ҳолатларнинг очиқ-ойдин танқид қилинганлиги ушбу Мурожаатноманинг ўзига хослигини билдиради.

Мурожаатномада муҳтарам Президентимиз парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этдилар. Коррупцияга қарши кураш мақсадида институт жамоатчилик кенгаши, таълим сифатини назорат қилиш бўлими ходимлари, шу жумладан барча профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш белгиланди.  

Мурожаатномани бутун халқимизга қаратилганини инобатга олиб, унинг мазмун-моҳиятини институт профессор-ўқитувчилари томонидан талабаларга, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш вазифаси юклатилди.

Президентимизнинг Мурожаатномаси нафақат Олий мажлисга, балки бутун халқимизга, ҳар биримизга қаратилган чақириқ бўлди.  Давлатимиз раҳбарининг белгилаб берган вазифалари кенг имкониятлар эшигини очади ҳамда ҳар биримизга ўзига хос масъулиятни юклайди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори

Нодирбек Сайфуллаев