Икуо Ҳираяма Халқаро Маданият Карвонсаройида “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси ўқитувчиси Зиёдулла Фармоновнинг “Бўёқларга кўчган ҳисларим” номли илк шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Инсон туйғуларини ўз истеъдоди даражасида ифода этади. Ижодкор учун эса ўз туйғуларининг ифодаси бевосита касби, ҳаёт мазмунини ташкил этади. Рассомнинг туйғулари бўёқларда акс этади. Туйғу ва дарди бўлмаган асарлар эса оддий фотосуратга айланади. Туйғуларини бўёқларга кўчира олган ижодкорлардан бири Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси ўқитувчиси Зиёдулла Фармоновнинг “Бўёқларга кўчган ҳисларим” номли илк шахсий кўргазмасининг очилиш маросими Ўзбекистон Бадиий Aкадемияси Икуо Ҳираяма Халқаро Маданият Карвонсаройида мутахассислар ҳамда тасвирий санъат ихлосмандлари иштирокида бўлиб ўтди.

            Ижодкорнинг яратган асарларига назар ташлар экансиз, уларда инсон – ижодкорнинг туғилиб ўсган қишлоғида яшаётган инсонлар образига, табиат – инсон билан уйғунликда мавжуд бўлган ва инсон унинг бир қисми бўлган манзаралар тасвирига гувоҳ бўласиз. Кўргазмага ташриф буюрган мутахассислар ҳам шу нарсани таъкидлаб, ўзбек санъатида янги бир истеъдод пайдо бўлаётганига умид билдиришди.