Онлайн семинар

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бугунги кунда карантин бўлишига қарамасдан илмий фаолият қизғин давом этмоқда.
Ҳозирда Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш сектори томонидан институтнинг докторантлари ва мустақил изланувчиларнинг онлайн илмий семинарлари ташкил этиб борилмоқда.

Бугун 2020 йил 24 апрель куни 17.00.04 – «Тасвирий ва амалий-безак санъати» ва 17.00.06 – «Музейшунослик.Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш» ихтисосликларида илмий изланиш олиб бораётган 1-курс таянч докторанти (PhD) Саъдуллаева Замира Равшан қизи томонидан Zoom онлайн дастури орқали “Михаил Степанович Андреевни Ўзбекистон музей ишига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги семинарии бўлиб ўтди (илмий раҳбар: тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Ҳамидовна Исмоилова).

Семинарда эксперт сифатида ЎзФА академиги, ЎзБА академиги, санъатшунослтик фанлари доктори, профессор Ҳакимов Акбар Абдуллаевич, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Фатхуллаев Равшан Саъдуллевич, Санъатшунослик факультети декани, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Сангиров Ботир Юсупович, “Музейшунослик” кафедраси мудири, доцент Нишонова Камола Солижоновна, “Тиллар ва адабиёт” кафедраси мудири Холдарова Фаризалар; тингловчилар сифатида институтнинг таянч докторантлари, мустақил изланувчилари ҳам қатнашдилар.
З.Саъдуллаеванинг маърузасида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон этнографисида салмоқли илмий тадқиқотлар амалга оширган, кўплаб этнографик экспедицияларга раҳбарлик қилган, музей коллекцияларини тўлдиришга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган йирик олим – Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Михаил Степанович Андреевнинг (1873-1948) илмий фаолияти, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон халқлари тарихи Давлат музейига қўшган ҳиссаси кўриб чиқилган. Олим томонидан йиғилган айрим коллекция ашёлари илмий ўрганилган. Музейнинг коллекцияларидаги ҳали бирон кўргазмларда намойиш қилинмаган, олимлар томонидан илмий тадқиқотларда ўрганилмаган айрим ашёлар илк марта Замира Саъдуллаева томонидан илмий муомалага киритилди.
Маъруза академик А.А.Ҳакимов ва семинарнинг барча қатнашчилари томонидан ижобий баҳоланди. Маърузанинг айрим жиҳатлари қизғин савол-жавобларда муҳокама қилинди ва авторга керакли таклифлар берилди.
Тадбирнинг ижобий томони шунда бўлдики, бундай семинарларда қатнашиш истагини билдираётганлар сафи кенгаймоқда. Жумладан, ЎзДК нинг таянч докторантларин ҳам меҳмон сифатида иштирок этишлари бунга мисол.